Баъзи гуноҳлар фақат эгасига зарар беради. Бироқ айрим гуноҳлар эса жамият тинчлигига рахна солади. Чақимчилик шундай иллатлардан бири. Гап ташувчининг фитнаси шайтон фитнасидан ҳам таҳликали. Чунки шайтон одамни яширин васваса қилади; Аллоҳ таолони зикр этиб, иблиснинг шарридан паноҳ сўраб, бу васвасадан қутулиш мумкин. Лекин чақимчи ундай эмас, сен билан гаплашади ва қўшиб-чатиб бошқаларга етказади. Оилаларни тўзғитади, акани укага душман қилади, баъзан кишилар бир-бирини ўлдиришигача олиб боради. Шу сабабли ҳам динимизда чақимчилик қаттиқ қораланади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Одамлар ўртасини бузиш учун гап ташиган одам жаннатга кирмайди” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалардан ҳеч бири ҳақида ўзларига ёмон гап етказилишини ёқтирмасдилар: “Саҳобаларимдан ҳеч бири бошқаси ҳақида менга хуш келмайдиган бирон нарса етказмасин. Мен сизларнинг олдингизга соғ қалб билан чиқишни хоҳлайман” (Абу Довуд).
Саъдий Шерозий айтади: “Гап ташувчи эски душманликларни, гиналарни янгилайди. Ухлаётган фитнани уйғотган одамдан тезда узоқлашган маъқул. Зеро, хусумат икки киши орасида ёнаётган оловга ўхшайди; гап ташувчи эса ўша гулханнинг янада алангаланиши учун ўтин ташиётган кабидир”.
Чақимчини эшитиш, унга ишониш айни гуноҳга шерик бўлиш билан баробар. Чақимчига қулоқ солган одам ўзининг гаплари ҳам бошқаларга етказилишини унутмаслиги зарур. Бинобарин, Ҳасан Басрий насиҳат сўраган бир одамга бундай деган: “Шуни яхши бил, сенга бошқаси ҳақида гап олиб келган одам, сен ҳақингда ҳам бировларга чақимчилик қилади”.
 
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби