Бир улуғ ибрат тарихдан яхши маълум, барча пайғамбарлар касб-ҳунар эгалари бўлишган. Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ ва Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Идрис (алайҳиссалом) тикувчилик, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тижорат билан шуғулланганлар.
Миқдам ибн Маъдикариб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ҳеч ким қўл меҳнати орқали (топиб) еган таомидан кўра яхшироқ (таом) еган эмас. (Ҳатто) Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати билан тирикчилик қиларди” (Имом Бухорий).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Довуд (алайҳиссалом) подшоҳ бўлишига қарамасдан, совут тўқиб сотар ва ундан тушган маблағга кун кечирар эдилар. Аллоҳ таоло у зотга (алайҳиссалом) темирни юмшоқ қилиб қўйган эди”.
Довуд (алайҳиссалом) жисмонан бақувват бўлганлари учун темирчилик ҳунарини эгаллаганлар. Шундан келиб чиқиб, уламолар ҳар бир фарзандни иқтидорига мос келадиган касб-ҳунарга йўналтиришни тавсия қилишади.
Инсон истеъмол қиладиган энг асосий нарса егулик бўлгани туфайли, ҳадисда қўл меҳнати билан топилган таомга эътибор қаратилмоқда. Айтиш зарурки, мазкур ҳадиси шариф кийиниш, ичиш каби инсоннинг барча эҳтиёжларини қамраб олади. “Қўл меҳнати” ибораси тижорат, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик каби ҳалол касбларни ўзида жамлайди.
Таълим олиш одоблари ҳақидаги китобларда бирор касб-ҳунарни ўрганганидан кейингина илм олиш тавсия қилинади. Чунки қўлида ҳунари бор одам тамагирликдан йироқ бўлади. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳ, менга ризқ бергин”, деб дуо қилардилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ таоло меҳнат билан банд бўлган мўмин бандани яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний, Байҳақий).
Ислом шариатига биноан ҳар бир инсон умрини дунё ва охиратига фойдали амаллар билан ўтказмоғи керак. Агар у руҳий ва жисмоний қувватни ҳалол меҳнат орқали топилган озуқадан олса, барча ҳаракатлари ибодатга айланади.
Муҳаммадали ЗОҲИДОВ,
Асака тумани “Икром ҳожи” жоме масжиди имом ноиби.