Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қи­лишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди...» (Исро, 23). Демак, ота-онага яхшилик бандалар ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ёки қариб, кўп ишга ярамай қолганида бажариладиган амал ҳам эмас. Балки ҳар бир фарзанд доимо ҳушёрлик ва фидо­йилик билан адо этиши зарур бўлган масъулиятдир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат ва ота-онага яхшилик қилишни бир калимада жам этиб буюрди.
Қуръони карим ва суннатга асосланиб, фарзанд ота-онага қилиши лозим бўлган яхшиликларни қуйидагича баён этамиз:
– ота-онасига берган неъматлари учун Аллоҳ таолога шукр қилиш;
– ўзига кўрсатган яхшиликлари учун ота-онасига ташаккур билдириш;
– ота-онани жеркимаслик ва уларга “уфф” демаслик;
– тавозе кўрсатиб, очиқ чеҳра ва табассум билан меҳрибонлик қилиш;
– олдиларига изн сўраб кириш ҳамда рухсат олгандан сўнг чиқиш;
– келганларида ўрнидан туриб кутиб олиш, юзларига тик қарамаслик;
– исмлари билан чақирмаслик, улардан олдин юрмаслик ва олдин ўтирмаслик;
– олдиларига кирганда ва чиққанда салом бериш;
– динлари ва дунёларига манфаат берадиган гап­ларни айтиш;
– барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш;
– олдиларига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш;
– бирга ўтирганда рухсатларисиз чиқиб кет­мас­лик;
– ота-онадан содир бўлган хато, камчиликни айб санамаслик;
– уларнинг муҳаббатини қозонган кишиларни ҳурматлаш;
– нафақаларини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга мажбур этмай, ҳеч бир миннатсиз иззат-ҳурмат кўрсатиш ва ҳоказо.
Абдумутал ОТАБОЕВ
Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари