Кишининг амали ва ҳаракатлари натижаси унинг ниятига мувофиқ бўлади. Нияти яхши бўлса, натижа яхши бўлади ва аксинча...
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ниятини тўғри қилса, Аллоҳ таоло унинг амалини ҳам тўғрилаб қўяди”, деганлар (Имом Молик ривояти).
Аллоҳ таоло бандасининг қилаётган амалини, ҳатто қалбидан кечаётган ўйларини, орзу-умидларини ҳам билади. Меҳрибон Парвардигоримиз ниятларимизнинг яхшисига, амалга оширмасак-да, савоб беради. Ёмон ниятларга эса, амалга ошмаса, гуноҳ ёзмайди.
Яхши ниятимиз туфайли, кундалик ҳаётдаги оддий юмушларимизга ҳам ажр оламиз. Масалан, кундалик эҳтиёжимиз бўлган овқатланишдан Аллоҳ розилигини ният қилсак, яъни еяётган овқатдан ҳосил бўлувчи куч-қувватни ибодатга, эзгу ишларга, жамият равнақи йўлига сарфлашни ният қилсак, ажрга эга бўламиз.
Эзгу ният қилиш комил инсонларга, ҳақиқий мўминларга хос хислатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир”, деб марҳамат қилганлар. Шунга биноан, солиҳ аждодларимиз ҳам амалдан олдин ниятнинг тўғрилигига катта аҳамият берганлар.
Солиҳ амаллар холис ният билан, Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиниши лозим. Акс ҳолда, у риёга айланиб, киши у иши учун савоб олиш ўрнига гуноҳкор бўлиб қолиши ҳам мумкин: ­«...Бас, ким Парвардигорини (жаннатда) кўришдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф, 110).
Аллоҳ таоло барчамизни эзгу мақсадларимизга эриштирсин!
 
Раҳимберди РАҲМОНОВ, 
“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби