Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан яратди ва уларнинг ризқларини белгилаб қўйди. Кишига бойлик келиши ҳам, унинг кетиши ҳам, амал даражасига кўтарилиши-ю, пастга қулаши ҳам фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг изни билан амалга ошади. Аммо жамиятда шундай инсонлар ҳам борки, улар кўп вақтларини ўзгаларнинг ютуғини санашу муваффақиятидан ҳасад қилиш билан ўтказади. Бу билан эса, албатта, аввало, ўзларига зарар қилади.
Ҳасад манфур иллатлардан ҳисобланиб, унинг хавф-хатари тўғрисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ўтинни еганидек, яхши амалларни ейди” (Абу Довуд ривояти).
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳасад қилиш нодонлар табиатига хослигини таъкидлайди ва ҳасадгўй нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам катта хавф-хатар туғдиришини эслатиб ўтади:
 
Жоҳилки, ҳасад бўлғай анинг жаҳлиға зам,  
Нур эл кўзидин англаса, ўз кўзида кам.  
Кўзларни олишмоққа чекиб тиғи ситам,   
Эл кўзини ҳам ўйғаю ўз кўзини ҳам.
 
Ҳасад инсонни соғлом фикрлашдан йироқлаштириб, маънавий тубанликка тортади. Сабаби, бировнинг ютуғига ҳасад қилган киши уни бошқаларга ёмонлайди ёки ортидан ғийбат қилади, тирноқ тагидан кир қидиради. Ахир, тубанликнинг бошланиши шу эмасми? 
Абу Лайс Самарқандий ҳасад  ва унинг ортидан келувчи нарсалар ҳақида сўзлаб, бундай деди: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. У ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади: ғами тугамайди, мусибат чекади-ю, бунинг учун ажр олмайди, ёмонликдан боши чиқмайди, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади, унинг учун тавфиқ эшиклари ёпилади”.
Оқил инсон бировга ҳасад қилмайди. Набий (алайҳиссалом): “Танада бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса, қолган аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у бузилса, бутун тана бузилади. У қалбдир”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Шу боис, ҳасад олови қалбимизни куйдиришига, у орқали эса бутун жисмимиз касалланишига ҳамда қилган эзгу амалларимиз зое кетишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолмайлик.
 
Нилуфар МАНСУРОВА,
Тошкент ислом университети III босқич талабаси