Аллоҳ таоло инсонларга берган сон-саноқсиз неъматлар ичида тилнинг аҳамияти беқиёсдир. Тил инсоннинг жисман кичик, аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам тилни фақат яхши, савобли сўзларга ишлатиш ва ёмон сўзлашга одатланиб қолишидан сақлаш зарур.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тилимизни ножўя гаплардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин” (Муттафақун алайҳ).
Динимизнинг тилга эътибор беришга ундаши, уни бефойда ва гуноҳ сўзлашдан қайтаришининг боиси шундаки, тил қалбга яқин ерда жойлашган. Шунингдек, тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Қалб эса имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қанчалик бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширин сўзлар чиқади. Ўз навбатида, тил қанчалик кўп гапирса, шунча кўп хато қилади, натижада инсон қалби қораяди ва имони сусая­ди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунича имони тўғри бўлмайди, шунингдек, тили тўғри бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Оғиздан чиқаётган ҳар бир сўз амал ҳисобланиши ва уларни котиб фаришталар ёзиб, қайд қилиб боришини доимо ёдда тутган одам фақат яхши, Аллоҳ рози бўладиган гапларни гапиришга ҳаракат қилади.
Тил орқали содир бўладиган гуноҳлар маънавий жиноятлар бўлиб, уларга ғийбат, фитна, туҳмат, ёлғончилик ва ёлғон гувоҳлик, чақимчилик кабилар киради. Чақимчи ва ғийбатчи кишилар ўсимлик илдизига тушган қуртдай халқ орасида иттифоқ ва бирдамликни кетказиб, умумхалқ ҳаёти учун зарур бўлган меҳр-муҳаббат илдизини емиради. Ҳаким зотлардан бири: “Мол ўғрисидан кўра одамлар орасидаги дўстлик ва муҳаббат ўғриларидан эҳтиёт бўлиш лозимдир”, деган.
Аллоҳ таоло барчамизнинг тилу дилларимизни ислоҳ қилиб, гуноҳ сўзлар, маънавий жиноятлардан сақланишимизда мададкор бўлсин!
 
Садриддинхон ИСОҚОВ,
Тошкентдаги “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” 
жоме масжиди имом ноиби