Абу Мусо ривоят қилади: Расулуллоҳ айтдилар: “Яхши ва ёмон суҳбатдош мушк сотувчи ва босқончига ўхшайди. Мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ёки ундан ўзинг сотиб оласан, ёхуд унинг хуш бўйидан баҳраманд бўласан. Босқончи эса ё кийимингни куйдиради, ёки унинг ёмон ҳидига дуч келасан” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ солиҳ, илмли кишиларга ёндош бўлишга, улар билан суҳбатлашиб туришга тарғиб қилганлар. Чунки бу нарса дунё ва охиратда фойда беради. Ёмонлар ва фосиқлар билан юришдан қайтарганлар. Зеро, бу нарса дин учун ҳам, дунё учун ҳам зарарлидир. Шамол хушбўй жойдан эсиб, ёқимли ҳидни олиб келганидек, яхшилар билан юриш яхшиликка сабаб бўлади. Ёмонлар билан бўлиш эса, нохуш жойдан ёқимсиз ҳид олиб келган шамол каби ёмонлик келтиради. Донишмандлар айтишади: нодонлар билан ўтирганингда сенга юққан нодонлик, оқиллар билан бўлганингда сен юқтирган ақлдан кўра кўпдир. Чунки ёмонлик одамлар орасида тез тарқалади, уларнинг табиатига тез сингади.

Орифлардан бири бундай деган: “Аллоҳ билан бўлинг, агар бундай қила олмасангиз, Аллоҳ билан бўлганлар ёнида бўлинг” .

Расулуллоҳ яна бир ҳадисларида бундай дейдилар: “Мўмин атторга ўхшайди. Унинг ёнида ўтирсанг, фойдаси тегади, бирга юрсанг, фойдаси тегади, шерик бўлсанг, фойдаси тегади” (Табароний ривояти).

Хуллас, одам ён-атрофидагилардан таъсирланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлинглар!” дея амр этган (Тавба, 119).

Алиюл ҚОРИНИНГ “Мирқотул мафотиҳ” китобидан Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.