Оилага эътибор, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бошқа халқларда бўлмаса керак. Шу биргина мақолнинг ўзидан ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғли аҳамиятли иш экани кўринади. Маҳалла аҳли, айниқса, кексалар кўчада ножўя иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, дарров танбеҳ берган, одобга чақирган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир ота фарзандига чиройли одобдан кўра яхшироқ ҳадя беролмайди”, деб марҳамат қилганлар. Яна бир ўринда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-аёлига, оиласига яхшилик қилганларингиздир”, деб таъкидлаганлар.
Оила – жамиятнинг бир бўғини. Фарзандларимиз қалбида эл-юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада шаклланади. Жамиятнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-улғайган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди. Бу эса юрт равнақига сезиларли таъсир кўрсатади.
Оиладаги муҳит ота-она ўз масъулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли, баркамол бўлиб улғайиши учун оила катта ибрат мактабидир. Халқимиз: “Қуш инида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган.
Бугун ёшларимизнинг таълим-тарбия олишлари учун жуда кўп қулайликлар яратилган. Илм олиш ёки ҳунар ўрганишга барча шароитлар етарли. Аммо шу билан бирга фарзандларимизнинг онгига таъсир ўтказиб, диний ва миллий қадриятларимизни, халқимизга хос ҳаё, андиша, иффат каби фазилатларни ҳамда асрлар давомида шакл­ланган анъаналаримизни йўққа чиқаришга уринаётган бузғунчи ғоялар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак. Ёшларимиз тарбиясига “Оммавий маданият” иллати соя солишига йўл қўймайлик. Бунинг учун болаларимиз онгида мафкуравий бўшлиқ қолдирмаслигимиз зарур. Турли мафкуравий хуружлардан ёшларимизни асрашда оилалар мустаҳкам қўрғон бўлсин.
Уларни ҳар хил бузғунчи ичи қора кимсаларнинг суҳбатларидан асрайлик. Чунки “Ассуҳбату мусаҳҳарун” – “суҳбатдошлик таъсирли”дир деган сўзда олам-олам маъно бор. Бугун Интернет орқали бўлаётган диний суҳбатларнинг зарарсизлигига ким кафолат бера олади?!
 
Ўрол ТУРОБОВ, 
Бахмал туманидаги “Лаби-ҳовуз” жоме масжиди имом-хатиби