Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).
Азизлар, ўзимизга бир назар солайлик-чи, Аллоҳни рози қилиб, икки дунё саодатига эришиладиган ибодатларда сусткашлик қилмаяпмизми? Ота-она, ака-ука, қариндош ва қўшниларнинг ҳақини беминнат адо этяпмизми? Ўзимиз қолиб, бировларнинг айбу нуқсонларини излаш билан овора бўлмаяпмизми? Кўнглимизни обод, хулқимизни чиройли қилиш қолиб, бошқаларга лой чаплаш билан машғул эмасмикинмиз? Бурч, савоб, садоқат, ҳаё каби юксак ахлоқий қадриятлар қолиб, ғийбат, туҳмат, риё, ҳасад каби иллатлар билан овора эмасмизми? Ака-ука, опа-сингил ўрталарини “кўринмас девор” тўсиб қолмаяптимикин? Китоб ўқиш, илму ҳунар ўрганиш ва ўргатиш ўрнига, умуман учрашмаган, исмлари, кимлиги номаълум инсонлар билан ижтимоий тармоқларда соатлаб беҳуда “гап сотмаяпмизми”? Интернет тармоқлари, чет эл теле ва радиоканаллари орқали борган сари кенг тарғиб этилаётган “оммавий маданият” ёшларимиз онгига салбий таъсир этаётганига бепарво эмасмикинмиз?
Умримиз бир ёниб ўчган чироқ кабидир. Уни беҳуда, кераксиз нарсаларга эмас, хайрли ва эзгу ишларга сарфлайлик.
Яратган берган неъматларнинг шукрини адо қилиб, Унинг ризолиги учун ибодатда бўлайлик, фарзандларимизга одоб-ахлоқ, илму ҳунар ўргатайлик. Мустақил Ватанимиз доим тинч бўлиб, янада гуллаб яшнаши учун ғайрат билан ҳалол меҳнат қилиш, бир-биримизга меҳр-муҳаббатли, ғамхўр, суянчиқ бўлиш бурчимиздир.
 
Азамат УСМОНОВ,
Касби туманидаги “Фазли” 
жоме масжиди имом-хатиби