Дунё – охират экинзори. Дунё ҳаётида бизнинг вазифамиз неъматлар берилганида шукрини адо этиш, мусибатларга йўлиққанда чиройли сабр қилишдир.
Аллоҳ таоло бандаларига чексиз раҳмат, лутфу карам кўрсатиб, санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматларни берган. Улардан бири фарзанд неъматидир.
Ота-она фарзандларининг тарбиясини гўзал қилиб, бу неъмат шукрини адо этиши зарур.
Фарзанд туғилмасидан бўлажак ота-она имон-эътиқодли, ахлоқ-одоби гўзал, илм-маърифатли бўлиши, Аллоҳга дуо-илтижо қилиб, солиҳ, яхши фарзанд сўраши, луқмани ҳалол қилиб яшаши керак.
Фарзанд туғилгандан кейин танглайини (ширин нарса билан) кўтариш, ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айттириш, унга чиройли исм қўйиш, ҳақига эзгу дуолар қилиш, уни ёмон дўст ва офатлардан сақлаш, нафақа (едириш, кийдириш, уй-жой) билан таъминлаш, ахлоқини гўзал қилиб тарбиялаш лозим бўлади.
Ота-она фарзандини Аллоҳ таоло ва Расулининг кўрсатмаларига мувофиқ тарбия қилса, боласи дину диёнат, ахлоқу одоб, илму маърифатда комил фарзанд бўлиб вояга етади. Фарзанднинг келажакда салоҳиятли, яхши инсон бўлиши нафақат ўзи ёки ота-онаси учун, балки қавм-қариндош, қўни-қўшни, бутун жамият учун фойдалидир.
Ота-она тарбияли, яхши фарзандидан дунё ва охиратда ҳам фойда кўради.  Солиҳ фарзанд ота-она розилиги Аллоҳ розилиги, ота-она ғазаби Аллоҳ ғазаби эканини унутмай, ота-онасининг ҳурматларини ўрнига қўяди, хизматларида қоим бўлади. Оқибатда, ота-она фарзандидан рози бўлади, унинг ҳақига хайрли дуо қилиб, мамнун ва масрур ҳаёт кечиради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, яхши фарзанднинг ҳар бир эзгу амали савобларидан вафот этган ота-онаси ҳам баҳраманд бўлиб туради.
 

Абдувоҳид МИРЖАЛИЛОВ,
Зангиота туманидаги “Андалус”
жоме масжиди имом-хатиби