Барчамизга маълумки, Исломнинг беш устуни, яъни бешта фарзи бор. Булар: Аллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг расули эканига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон ойида рўза тутиш ва қодир бўлса, умрида бир бор ҳаж қилиш. Биламизки, ҳар қандай устуннинг тик тутиб турадиган пойдевори бўлади, агар пойдевор мустаҳкам бўлмаса, устун тезда қулаши та­йин. Динимизнинг устунларини айтдик, уларнинг пойдевори эса макоримул ахлоқ – чиройли хулқлардир. "Ахлоқ" феъл, табиат, сажия-характер, одат маъноларини берадиган арабча “хулқ” ёки “хулуқ” сўзининг кўплигидир.
Киши намоз ўқиса, рўза тутса-ю, хулқи ёмон бўлса, унинг ибодатидан ҳеч қандай наф йўқ! Зеро, ахлоқ кишининг биринчи бўлиб кўзга ташланадиган жиҳатидир. Одамлар бирор кишига баҳо беришда, аввало унинг ахлоқи ва ўзини қандай тутишига қарайди. Бинобарин, кишининг дину диёнати борасида унинг муомаласи ва хулқу одобига қараб хулоса ясайдилар.  
Ахлоқ яхши ва ёмонга бўлинади. Масалан, Аллоҳ ва банда ҳақларини ўрнида адо этиш; одамларга ҳурмат, хизмат ва марҳамат кўрсатиш; муносабатларда одоб, ҳаё ва тавозели бўлиш чиройли хулқ аломатларидир. Лағв, ёлғон, лаънатлаш, масхарaлаш, кибрланиш, чақимчилик, ғийбат, риё, бахиллик, ҳасадгўйлик, бадгумонлик эса ёмон хулқ асаридир.
Динимиз ахлоққа катта қиймат ва аҳамият беради. Зеро, Исломнинг ўзи ахлоқ ва фазилат, ҳикмат динидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!” (Имом Бухорий).
Ўсиб келаётган ёш авлодга ахлоқ-одоб оила даврасида ва кенг жамоатчилик доирасида ўргатиб борилиши келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу ишда ота-оналар, муаллим-устозлар жонбозлик кўрсатишлари ғоят катта аҳамиятга эга.
Шунга кўра, динимизда одамларнинг маънавий қиймати улар эга бўлган ахлоққа қараб белгиланади. Бу эса ҳадиси шарифда қуйидагича ифодаланган: “Аллоҳ таолога бандаларининг энг севимлиси ахлоқи энг гўзал бўлганидир”. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида ҳам бундай деб сўрардилар: “Раббим! Мен сендан соғлиқ, офият ва гўзал ахлоқни тилайман”.
 

Наманган шаҳри "Мирёқуббой-Мирҳакимбой" жоме масжиди имом-хатиби
Абдулвоҳид ИСОҚОВ
тайёрлади.