Динимиз енгил диндир. Динимиз буюрган бирор амал бандаларни қийинчилик ва танг аҳволга тушириб қўймайди. Бандаларнинг турли қийинчиликларга дуч келаётганлари уларнинг динни яхши англамаслиги ва бидъат-хурофотларга эргашганлари оқибатидадир. Чунки Қуръони каримни ўқийдиган бўлсак, Исломнинг қанчалар енгил дин экани, инсоният бахтли ҳаёт кечириши учун энг тўғри таълимотни берганига гувоҳ бўламиз:
«...динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади...» (Ҳаж, 78).
«...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди...» (Бақара, 185).
«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...» (Бақара, 286).
«...Ким Аллоҳга имон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур бўлса, у мустаснодир...» (Наҳл, 106).
«Биз Сизни осон (дин)га муваффақ қилурмиз...» (Аъло, 8).
«Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал (яъни, шаҳодат калимаси)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз...» (Лайл, 5–7).
«...Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур...» (Талоқ, 7).
«Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир...» (Шарҳ, 5–6).
«Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз...» (Тағобун, 16).
Мазкур оятлардан кўриниб турибдики, динимиз енгил диндир. Динимизни тўғри англаб, унга мувофиқ ҳаёт кечирсак, бидъат-хурофотларга берилмасак, ҳаётимиз осон бўлади, албатта саодатга эришамиз. Аллоҳ таоло барчамизга динимизни тўғри англаб, холис ният билан кўп-кўп яхши амаллар қилишни насиб айласин!

Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” жомеи имом-хатиби
Муҳаммадий ЭРГАШЕВ тўплади.