Бир маҳалладошим ҳаёт изтиробларидан нолиб, дардини айтиб қолди: “Кўп йиллардан бери бир қариндошимнинг ёмонлигидан азият чекмоқдаман, унинг молиявий аҳволи ва мартабаси мендан анча яхши. Ундан тилим қисиқ жойим ёки қарзим бўлмаса... Бардошнинг ҳам чегараси бор-да! Бироқ мен унинг ёмонлигига тоқат қилишдан роса толиқдим. Энди мен ҳам унга ёмонликка ёмонлик билан жавоб қилмоқчиман. Агар қувватим етмаса, уни дуойибад қиламан”, деб қолди...
Қўшнимнинг гапларини эшитиб, ўйланиб қолдим. Нима қилиб бўлса ҳам, уни бу фикридан қайтаришни ўйладим. Аллоҳ таоло ёмонликка яхшилик қилган солиҳ бандаларини: «...Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир» (Раъд, 22), дея мадҳ қилганини айтдим...
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан яхшилик ҳақида сўрашди. “Яхшилик ҳусни хулқдир”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Яхшилик шундай амалки, агар инсон уни қилса, қалбига хурсандчилик киради. Қилган ишидан ўзи мамнун бўлади. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш олижаноб инсоннинг фазилати эканини ва бунга  солиҳ бандаларгина муяссар бўлиши мумкинлигини ва бошқа яхши сўзларни айтиб, унга насиҳат қилдим.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг таърифича, олижаноб одамда ушбу уч хислат бўлади: мусибат ва синовга сабрли бўлиш, борига қаноат, шукр қилиш, эркак ёки аёллигидан қатъи назар, ҳаёли ва иболи бўлиш.
Ушбу ҳикматдан огоҳ бўлгач, маҳалладошим анча енгил тортди. Чамаси хаёлидаги салбий фикрлари уни тарк этаётган эди... Зеро, Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати ва афвига ноил бўлишни истаган киши одамларнинг ёмонлигига ҳам яхшилик билан жавоб қилишни ўз шиорига айлантириши лозим.

Анвар ҒУЛОМОВ,
меҳнат фахрийси