Президентимиз ташаббуси билан янги йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилди.

Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсани инсон фойдаси учун унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб тоғу тошгача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар инсон манфаати учун яратилди. Иброҳим сурасининг 33-оятида: «(У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди», дейилади.

Қуёш билан Ой тинимсиз ҳаракатда бўлиб, дои­мий равишда инсонга хизмат қилади. Кеча билан кундуз ҳам доим бир-бири билан алмашиб туради. Шу билан бирга, ҳамиша инсоннинг хизматида бўлади. Уларни Аллоҳ таоло шундай яратиб қўйган.

Инсонларга манфаат келтириш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ёрдамини аямаслик динимизда мақталган, эзгу фазилатлардан саналади. Бу Қуръони карим оятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларида кўп бора таъкидланган.

"Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ таоло яхши кўради" (Бақара, 195).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига ­енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини беркитади. Модомики, банда ўз биродарига ёрдам қилишда давом этар экан, Аллоҳ ҳам унга ёрдам қилаверади”, дедилар» (Имом Муслим).

Ҳар биримиз халқ манфаати, юртимиз келажаги, осмонимиз мусаффолиги, мамлакатимизнинг янада ривожланиши йўлида қўлимиздан келганча хайрли ишларда бардавом бўлсак, дунё ва охиратда ажру мукофотини оламиз ҳамда юзларимиз ёруғ, қадримиз баланд бўлади, иншоаллоҳ.

Меҳмонали ЖАББОРОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти бош имом-хатиби