Ҳар тонг осуда туннинг ҳаловатли уйқусидан уйғонамиз. Неъматлар билан тўла дастурхон атрофида яқинларимиз билан ўтириб, таомланамиз. Сўнг дуога қўл очамиз, ўқишга, ишга отланамииз. Йўл-йўлакай атрофга кўз югуртирамиз: обод кўчалар, кундан-кунга чирой очаётган маҳаллалар, янги бунёд этилаётган замонавий кўркам бинолар… Беихтиёр дилдан шукроналик ҳисси ўтади: “Шундай ёруғ кунларга етказганингга шукр, тинч ва мусаффо осмонимизга асло кўз тегмасин!” Таассуфки, ана шу осуда ҳаётни кўра олмайдиган, тинчлигимизга путур етказишни истаб, бу йўлда динимизни ниқоб қилиб олаётган ёвуз кучлар бор. Улар минг йиллардан бери эътиқодида мустаҳкам бўлган халқни нотўғри йўлга бошлаш ҳаракатида. 
 
Ҳаётимизда мавжуд бўлиб турган беғамлик, лоқайдлик, бирор ножўя ишни кўриб, кўрмасликка олиш каби иллатлар, аксар ҳолларда, тинчлик ва осойишталикка жиддий хавф солмоқда. Зеро, машҳур адиблардан бири айтганидек: “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир”.
 
Бугун ҳар бир ватандошимиз ўз фуқаролик бурчини сидқидилдан бажариши, атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан боқиб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр яшаши тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилидир. Бу йўлдаги энг чиройли намунани ота-боболаримиз кўрсатганлар. Буюк мутафаккирларимиз нотўғри ақидаларга илмий раддиялар бериб, оқимлар ўртасидаги қонли можарога айланиб кетган ғоявий тортишувлар, низо ва фитна-фасодларга қарши курашиш билан тинчликни сақлаганлар.
 
Исломда тинчлик бебаҳо неъмат деб баҳоланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара, 208).
 
Оятдаги «ёппасига» сўзи, тафсир китобларида келтирилишича, бир томондан барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги, иккинчи тарафдан эса уни барқарор қилиш учун қандай йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради. Юртимизда тинч-осуда ҳаёт кечираётган, таълим олаётган, касб-ҳунар ўрганаётган, ҳалол меҳнат қилаётган, Ватанга садоқат билан яшаётган ёшларимиз ҳаётига жиддий хавф туғдираётган, тарбиясига таъсир кўрсатаётган маънавий таҳдидлардан ҳар биримиз огоҳ бўлишимиз, улардан яқинларимизни ҳам ҳимоя қилишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло: «Яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг», деб буюрган (Шуаро, 214).
 
Умар ОЧИЛОВ, 
Чироқчи туманидаги “Имом Ҳасан-Ҳусан” 
жоме масжиди имом-хатиби