Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар ато этиб, уларни шукр қилишга буюрган. Иброҳим сурасининг 7-оятида бундай дейилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».
Неъматларга шукр қилиш фазилатдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Шукр қилиш имоннинг яримидир”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Имон сабр ва шукрдан иборат”, деб ҳам айтилади. Шукр қилувчиларга улуғ ажру савоблар бор: «Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз» (Оли Имрон, 145). Аллоҳ таоло инъом этган неъматларни зикр этиш, уларни қадрлаш неъматларнинг узилиб қолмаслиги омилидир. Шайх Саъдий бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиблигини, нафас кирса-ю, қайтиб чиқмаса ёки чиқса-ю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлайди, тансиҳатлик ва хотиржамлик учун алоҳида шукрона айтиш лозимлигини уқтиради.
Бугунги тинч, хотиржам ҳаётимиз, фаровон ўтаётган кунларимиз, аслида, катта неъмат. Шундай экан, аввало, унинг қадрига етиш, шу билан бирга, ана шу неъматларни кўролмайдиган турли ғаразли кучлар, нопок тоифаларнинг найрангларидан ҳамиша огоҳ бўлишимиз лозим.
Қаерда тинчлик ва осойишталик бўлса, та­раққиёт ва олға одимлаш бўлади. Қорақалпоғистон Республикасидаги “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразм вилоятидаги “Охун бобо”, Тошкентдаги "Имом Термизий" масжидлари, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги “Имом Абу Исо Термизий”, Қашқадарё вилоятидаги “Абу Муин Насафий” мажмуалари тубдан қайта қурилаётгани ва Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд, Масжиди Калон ва Мир Араб тарихий ёдгорликларининг таъмирланаётгани фик­ри­миз исботидир.
Бугун дунёда бўлаётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликларни ёки баъзи минтақа халқларининг бир бурда нонга зор бўлаётганини кўриб, Ўзбекистондек тинч ва осойишта юртда фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукр айтамиз. Ва, албатта, бу мунаввар кунлар, осойишта тунлар абадий бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.
Исломиддин ЗУҲРИДДИНОВ,
Тошкент шаҳар “Олтинтепа” 
жоме масжиди имом-хатиби.