Ҳозирги кунда дунё миқёсида ёшларнинг 90 фоизи маълумотни бевосита интернетдан олмоқда. 42 фоиз бола ва ўсмир онлайн тарзида тарқатилаётган порнография таъсирига бутунлай тушиб қолган. 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоиз миллатчилик харак­теридаги веб-саҳифаларга мунтазам кир­моқ­да. 2013 йил интернетда ўз жонига қасд қи­­лиш­­нинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвонийликни тарғиб қилувчи 4 минг­дан зи­ёд сайтлар аниқланган бўлиб, улар тўх­тов­сиз кўпайиб бормоқда. Ушбу рақам­лар­ни таҳ­лил қилиб кўрадиган бўлсак, глобалла­шув қу­чо­ғидаги маънавий таҳдидларнинг кўрин­мас қора кучини равшанроқ илғай бошлаймиз.
Мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимизни ана шундай бузғунчилик, зўравонлик, лоқайдлик, ахлоқсизлик каби иллатлардан ҳамда турли хил ғоявий курашлардан ҳимоялаш мақсадида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма тайёрланган эди. Мазкур асарда ҳозирги ахборот уруши даврида ғоявий тузоқлар ва уларга қарши курашиш чораларининг умумижтимоий, миллий-диний хусусиятлари очиб берилгани ҳамда муаммонинг ечими назарий ва амалий хулосалар билан бойитилганлиги билан ҳам маънавий, ҳам мафкуравий нуқтаи назардан долзарб ҳисобланади.
Жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги бос­қичида ёшлар маънавиятини юксалтириш, ахборот истеъмоли маданиятини ошириш жараёнида интернетдан оқилона фойдаланишни ҳамда ундаги глобал таҳдидларнинг асл моҳиятини ўрганиш ижтимоий зарурат ҳисобланади.
Шу сабабли мазкур ўқув қўлланмада муаллиф интернетнинг умумижтимоий жиҳатлари, ижтимоий-иқтисодий негизлари, унинг беқиёс имкониятлари, маданий-маънавий хусусиятлари ҳақида ўқувчига атрофлича маълумот бериш билан бирга, интернетдаги таҳдидлардан ҳимояланишни тартибга солишнинг ижтимоий, ҳуқуқий, маданий, маърифий-ташкилий жиҳатдан ўрганилиши лозимлигига асосий эъти­борни қаратган.
Бугун ахборот оқимини чеклашнинг иложи йўқ, бутунлай тўхтатиш эса дунё ҳамжамиятидан узилиш демакдир. Шундай экан, муаммони ҳал қилишнинг чораси бу мафкуравий иммунитетдир. Мафкуравий иммунитет қандай ҳосил қилинади ва унга асос сифатида нимани танламоқ лозим? Албатта, ўзбек халқининг неча минг йиллар давомида шаклланган маънавий қадриятлари, муқаддас эътиқоди, аждодлар меросидаги қимматли фикрлар мафкуравий иммунитетнинг асосига айланмоғи лозим. Шу нуқтаи назардан “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма мавзулари Ислом дини таълимотининг одамийлик, олижаноблик, тўғрилик, бунёдкорлик, ҳаё, андиша, оилага, Ватанга муҳаббат каби юксак инсоний фазилатларга тарғиб этувчи кўплаб тамойиллари, Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар, шунингдек, мусулмон алломалар, мутафаккирларнинг илмий ғоялари билан ёритилган.
Биз бугун маънан баркамол авлодни етиштиришни мақсад қилган эканмиз, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма, керак бўлса, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла ва таълим масканларининг барча босқичларига кириб бормоғи ҳамда ўқув қўлланма юзасидан факультатив дарслар ташкил этилиб, мавзу кенг ўзлаштирилмоғи лозим.
Зеро, Ислом Каримов айтганидек: “Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган,  бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган, кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.
Хулоса қилиб айтганда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма мамлакатимиз ёшларини турли хил таҳдид­лардан ҳимоялашга, уларнинг таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир. Нега деганда, “Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби таҳдидлар қанча-қанча оилалар, мамлакатлар бошига қандай оғир кулфатларни солаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз”. Бундай кескин ва таҳликали шароитда ёшларни ҳаётдаги синовларга бардошли қилиб тайёрлаш ота-она, устоз-мураббий, барчамизнинг бурчимиздир.
 
Нигора ЮСУПОВА,
юридик фанлари номзоди, доцент.