Анбиё сурасининг 44-оятида бундай марҳамат қилинади: «Ахир, улар Биз ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?!» (Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур, 2007).

Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда дунёнинг деярли барча мамлакатларида мусулмонларни топиш мумкин. Қарийб эллик уч мамлакатда Ислом дини етакчи дин ҳисобланади. Умуман, дунёда мусулмонлар сони жадал равишда кўпаймоқда. Мусулмон динига мансуб кишилар сони охирги юз йилликда салмоқли равишда ошди. Йигирманчи асрда мусулмонлар дунё аҳолиси орасида 13,2 фоиздан 19,7 фоизга ошган. Йигирма биринчи асрда эса (2016 йилга келиб) заминимизда яшаётган аҳолининг ҳар тўрт кишидан бири Ислом динига мансубдир (аниқроғи 24,86%).

Юқоридаги оятни ўқигач, Ер (қуруқлик) атрофидан қисқаряптими ёки йўқми деган савол ҳам туғилиши табиий. Бу саволга денгиз бўйи қирғоқларини ўрганиш бўйича махсус тузилган Европа комиссияси хулосаси жавоб бўла олади. Мазкур комиссия иши улкан молиявий маблағлар ва турли соҳадаги етук мутахассисларни жалб этиш асосида қўллаб қувватланган. У комиссия тадқиқотларининг натижаларидан парча келтирсак: “Европа қирғоғи тобора ўсаётган эрозия таъсирида. Қирғоқ эрозияси денгиз таъсиридаги ернинг аста-секин емирилишидан иборат. Европа қирғоқ чизиғининг қарийб бешдан бир қисми йилига) 0,5–2 метр, айрим ҳолларда эса қарийб 15 метргача денгиздан орқага чекинади”, Мазкур кўрсаткичлар дунё миқёсида улкан ва ташвишлидир.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, ўтган йигирманчи асрда дунё уммони сатҳи 14–17 сантиметрга ошган. Гарвард университетининг бир гуруҳ тадқиқотчилари маълумотларига кўра, 1990 йиллардан бошлаб уммонлар сатҳи йилига 3 миллиметрга оша бошлаган ва бу жараён ҳозир давом этмоқда. Ундан аввалги ўн йилликларда эса мазкур кўрсаткич 1,5–1,8 миллиметрни, 1900–1990 йилларда эса ўртача 1,2 миллиметрни ташкил этган.

Бунга дунё миқёсида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши асосий сабаб экани аёндир. Ўтган йигирманчи асрда ҳавонинг ўртача ҳарорати 0,74оС га ошган. Албатта, бу фақат ўртача кўрсаткич. Бу кўрсаткичнинг учдан икки қисми 1980 йиллардан кейинги даврга тўғри келади.

Маълумотларга қараганда, охирги ярим аср мобайнида Антарктиканинг жанубий ғарбида ҳарорат қарийб 2,5оС га ошган. Оқибатда ўн минг йиллар мобайнида ўзгармай турган, майдони 3250 кв2 тенг бўлган Ларсен музлиги ва 200 метрдан зиёд қалинликдаги 2500 км2 майдонли айсберг материкдан ажраб аста-секин парчаланган.

Оролларда жойлашган Тувала, Кирибати каби кичик давлатлар ва кўплаб шаҳарлар йигирма биринчи асрнинг турли вақтларида сув остида қолиш хавфида. Сулаймон (Соломон) архипелагининг қарийб бешта ороли сув тагида қолиб кетди.

Ана шу келтирилган мисолларга асосланиб, ернинг қуруқлик қисми атрофидан қисқариб бормоқда ва мазкур жараён кўп жиҳатдан инсониятнинг нотўғри фаолияти билан боғлиқ бўлмоқда (Манба: “Envi romental Research Letters” илмий журнали).

Демак, илоҳий огоҳлантиришлар фақат куфр аҳлига эмас, балки бутун инсониятга, шу жумладан, мусулмонларга ҳам қаратилгандир. Зеро, соф ислом ақидасини билиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.

Шерали БЕРДИАЛИ