Бирор яқинимиз уйига меҳмон бўлиб борсак, одоб сақлашга ҳаракат қиламиз. Мезбонга ёқмайдиган ножўя иш қилиб қўйишдан эҳтиёт бўламиз. Фарзандларимизни ҳам: «Таомни “Бисмиллоҳ” деб, шошмасдан, ўз олдингдан егин, қўлингни кўп ширинликларга узатаверма, мени хижолатга қўйма», деб огоҳлантирамиз.

Энди бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг уйига – масжидларга борганда ўзини қандай тутиш керак. Масжид одобларига амал қиляпмизми? У ерда савоб амалимни кўпайтираман, гуноҳларимга тавба қиламан, Яратганга қурбат ҳосил қиламан, деган умид билан бориб, аксинча, елкамизга катта гуноҳларни юклаб олмаяпмизми?! Айрим масжидларда ёшлар у ёқда турсин, баъзи ёши улуғларимизнинг ҳам масжид одобига бепарволиклари кишини ранжитади. Аслида масжид одобига риоя қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун асосий вазифадир. Зотан масжидлар байтуллоҳ, яъни (Аллоҳнинг уйи) деб ҳам аталади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Масжидлар ер юзидаги уйларимдир. Уйларимга менинг зиёратим учун келувчилар, уни обод қилувчи бандаларимдир. Ўз уйларида таҳорат қилиб, менинг зиёратимга келувчиларни иззат-икром қилмоқлиги ҳақдир”, деб марҳамат қилган. Шунинг учун масжидга бормоқчи бўлган киши, аввало мукаммал таҳорат олиб, покиза либосларни кийиб, иложи бўлса, ёқимли хушбўйликлардан суриб боришлари талаб қилинади. У ерга борганида нохуш ҳиди билан мусулмонларга озор беришдан сақланиши лозим. Мисол учун, ҳалол бўлса ҳам хом пиёз, саримсоқ пиёз каби нарсаларни истеъмол қилиб, масжидга бориш макруҳдир. Чунки одамларга озор берадиган нохуш ҳидлар фаришталарга ҳам озор бериши ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳ этганлар. Ювилмаган, ҳидланиб қолган кийимларда бориш масжид одобига хилоф ҳамда мусулмонларга нисбатан ҳурматсизликдир. Аллоҳ таоло: «Эй одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!..» (Аъроф, 31), деб огоҳлантирди. Демак, масжидга покланиб, озода либосларни кийиб бориш Раббимизнинг талабидир.

Масжид томон тасбеҳ, зикрларни айтиб борса, катта ажрга эга бўлади. Масжидга кираётганда: “Парвардигорим, гуноҳларимни кечир ва менга раҳмат эшикларингни очгин”, деб дуо қилиб, ўнг оёқда кириш ва чап оёқда чиқиш суннатдир (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки уйида мукаммал таҳорат олиб, сўнгра намоз ўқиш нияти билан масжидга чиқса, босган ҳар бир қадамига битта даражаси кўтарилиб, битта хатоси тўкилади. Масжидга кириб намоз ўқиса, фаришталар унинг ҳақига: “Ё Аллоҳ! Бу бандангни раҳматингга олиб, тавбасини қабул қил, гуноҳларини мағфират қилгин”, деб дуо қилади. Фаришталарнинг унинг ҳақига қилаётган бу дуолари намозхон масжиддан чиққунча ёки таҳорати сингунча давом этади. Жамоат билан ўқиган намозининг савоби ёлғиз ўзи ўқиган намозининг савобидан 27 баробар кўп қилиб берилади», дедилар.

Масжидга кирганда аввало салом бериш керак. Масжид саломи эса, башарти нафл намоз макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат таҳийятул масжид намозини ўқиш билан бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирор киши масжидга кирса, ўтирмасдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Масжидларда дунёвий сўзларни сўзлаш, жанжаллашиш, баҳслашиш, баланд овозда гаплашиб, беҳуда сўзлар билан одамларга озор бериш, фитна-фасод, иғво қилиш қатъиян ман этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Замон охирлашганда умматларимдан бир қанчалари масжидларга йиғилиб, дунё сўзлари билан машғул бўлишади. Зинҳор улар билан ўтирманг. Чунки уларнинг Аллоҳга ҳожатлари йўқдир”, деб огоҳлантирганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Баъзи манбаларда келишича: “Масжидда дунёвий сўзларни сўзлаш, чорвалар ўтларни егандек, банданинг барча яхшиликларини еб қўяди”, дейилади.

Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул Ғофилин” китобида масжид одобларини баён қилганлар:

Масжидга қирган вақтда қавм ўтирган бўлса, салом бермоқ. Агар ҳеч ким бўлмаса ёки намоз ўқилаётган бўлса: “Ассаламу ъалайна мир Раббина ва ала ибадиллаҳис солиҳин” (Раббимиздан бизларга ва солиҳ бандаларга салом бўлсин), деб айтмоқ.

Масжидда олди-сотди қилмаслик; йўқолган нарсани эълон қилмаслик; Аллоҳнинг зикридан бошқа вақтда овозни кўтармаслик; у ерда дунё ҳодисаларини гапирмаслик; одамларнинг устидан хатлаб ўтмаслик; масжидда жой талашмаслик; сафда бирон кишини қаттиқ сиқиб қўймаслик; намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмаслик; масжидга туфламаслик; бармоқларни қисирлатмаслик.

Ҳозирги кунда аксар масжидларимизда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Юқорида зикр қилинган моддий одобларга амал қилиш билан бирга, масжид маънавий ободлиги учун қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшсак, албатта дунё ва охиратимиз учун манфаат етади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Масжидга қушнинг уясича ҳиссаси қўшилган киши учун Аллоҳ таоло жаннатда қаср барпо қилади”, деганлар. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Жаннат ҳурларининг маҳри масжидни супуриш ва уни обод қилишдир”.

Масжидларимизни моддий ва маънавий обод қилишда барчамизга Аллоҳ таоло мададкор бўлсин.

 

Муҳаммадсафохон ДАВЛАТЁРОВ,

тайёрлади.