Фахрлансак арзийдиган кўпгина удумларимиз бор. Шулардан бири хожатбарорликдир. Хожатбарорлик кимгадир миннатдорлик ёки жавоб кутмасдан холис хизмат қилиш. Унинг ҳам ўзига яраша одоблари бор, шулардан бири – ихлос билан ёрдам бериш ва миннат қилмаслик. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): “Хайрли ишлар уч нарса: тезлик билан амалга ошириш, бу яхшилигини оз деб билиш ҳамда уни яширинча қилиш билан мукаммал бўлади”, деганлар. Чунки қанча тезлатса, камбағалга тезроқ хурсандчилик бағишлайди, кичик ҳисобласа, кўпроқ қилишга уриниб, каттароқ яхшилик қилади, беркитса, мукаммал яхшилик қилган бўлади ва ҳеч кимга билдирмагани учун Аллоҳдан кўпроқ мукофот олади.

Қилинган яхшиликни эсдан чиқариш. Бир киши Ибн Шубрумага: “Фалончига бундай-бундай яхшилик қилдим, фалончига эса бундай”, деган эди. Ибн Шубрума: “Агар қилинган яхшилик санаб юрилса, унда яхшилик(ажр-савоб) йўқдир”, деди.

Яхшилик қилувчига омманинг мақтови ҳам ёмонлаши ҳам тенг бўлмоғи.Бировга яхшилик қилгани учун мақталса, хурсанд бўлиб, ношукрлик кўрса, ранжимаслиги керак. Жавоб (мукофот)ини Аллоҳдан кутсин.

Эҳтиёжи қондирилган киши ташаккур ва мақтовли сўзлар айтмоғи лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшилик кўрган киши яхшилик қилувчига: “Аллоҳ сизни муносиб мукофотласин”, деса, мақтовда муболаға қилган(яъни жойига қўйган, тўғри адо қилган) бўлур”, деганлар. Ҳаким-донишмандлар эса: “Агар қилинган яхшиликка яраша эваз қайтаришга қўлинг калталик қилса, тилинг раҳмат ва ташаккур айтишга узун бўлсин”, деганлар.

 

Ҳасан ҚОДИРОВ,

Тошкентдаги “Мулла Холмирза ота”

жоме масжиди имом-хатиби