Сурхон замини миллий маънавиятимиз, маданиятимиз ва динимиз тарихида катта хизматлари билан ном қолдирган азиз сиймолар макони экани ҳақида халқимиз истиқлол шарофати туфайли кенгроқ маълумотга эга бўлмоқда. Ислом оламида машҳур Ҳаким Термизий, Абу Исо Термизий, Сўфи Оллоёр айнан шу воҳада яшаб, дафн этилганлар.

Бундан қирқ йил муқаддам хизмат сафари билан Сурхондарёда бўлган эдим. Деновлик мезбонлар мени Сўфи Оллоёр қабрининг зиёратига хуфёна олиб боришди. Қия ялангликдаги мозорда экан. Атрофи тахминан 3х3 метр ўлчамда, хас-хашак босиб ётган қабр бир метрча баландликдаги нураб ётган пахса билан ўралган, холос. Бирорта ёзув ёки қабртош йўқ. Илгари бўлган, аммо шўролар даврида эҳтимол йўқ қилинган. Китоблари мадрасаларда ўқитилган, улуғ устоз мақомига эришган валий зотнинг қабри шу ерда эканини жуда кам одам биларди. Ўша вақтда адабиёт дарсликларида Сўфи Оллоёрнинг самарқандлик экани, амирнинг қаҳри қаттиқ солиқ йиғувчиси бўлгани ва Сурхондарёда вафот этгани ҳақида қисқа маълумот бериларди.

Бу зиёрат менда оғир таассурот қолдирди. Тошкентга қайтиб, “Ўзбекистон маданияти” газетасида “Сўфи Оллоёрнинг қабри қаерда?” деган мақола эълон қилдирдим. Кейинроқ  бу зот қабри ётган жой тартибга келтирилганини эшитдим...

Мустақиллик йиллари Сўфи Оллоёрнинг қабри буткул қайта таъмирланди ва юртимизнинг энг гўзал зиёратгоҳларидан бирига айланди. Мен бу жойнинг суратини кўриб, ҳайратга тушдим. 2005 йилда эса у зот мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад жаҳонга машҳур алломанинг қабри устида мақбара, кўркам мажмуа, намозхона, музей, меҳмонхона, ошхона ва бошқа зарурий бинолар барпо этиш эди.

Мустабид тузум даврида мақбара чегара ҳудудида бўлгани боис, Ҳаким Термизий қабрини одамлар келиб зиёрат қилолмасди. Бу ерга кириш учун Ашхобод шаҳрида жойлашган чегара ҳарбий штабдан рухсатнома олиш керак эди! Ўз юртингда, ўз аждодинг қабрини зиёрат этолмасанг алам қиларкан...

Айни вақтда, қўшни Афғонистондан ҳайит-байрам кунлари минглаб одамлар ҳеч қандай тўсиқсиз, бемалол зиёратга келишарди!

Энг даҳшатлиси – зиёратгоҳ яқинида... чўчқахона қурилган! Шўроларнинг динсизликка асосланган сиёсати миллий маданиятимиз, динимиз, урф-одатларимизни шу аҳволда таҳқирларди.

Мустақиллик йиллари Ҳаким Термизий зиёратгоҳи бутунлай бошқача кўринишга эга бўлди.

Ҳатто динимиз ривожига, ҳадис илмига катта ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизлик алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга доир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори эълон қилинди. Қарорда, жумладан, қисқа муддат ичида марказ учун бино ва кутубхона қуриш, маънавий меросимизни ўрганишда ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳақида ҳам кўрсатма берилган.

Бу жуда катта хайрли иш бўлиб, миллий ва диний қадриятларимизни эъзозлаш, буюк алломаларимизнинг нодир асарларини ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини янги поғонага кўтариш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбига Ватанга муҳаббат, қадриятларимизга ҳурмат, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик руҳини сингдиришга хизмат қилади. Марказни барпо этишда ўз хайр-эҳсонлари билан  иштирок этадиган ҳомийлар учун енгиллик бериш ҳам кўзда тутилган.

Бундай улуғ ишларни амалга ошираётган юртимиз раҳбариятига, халқимизга, улуғ аждодларимиз номини ва бизга қолдирган меросини дунёга танитаётган олимларга, бунёдкору саховатпешаларга Аллоҳ таоло мададкор бўлсин.

Анвар ТОЖИЕВ,

фахрий журналист