Катта қутлуғ хонадон,

Ҳамма тотув яшарди.

Аҳил, иноқ, шўх-шодон,

Савоб ишга шошарди.

 

Қут-барака шуларда,

Аллоҳ назари тушган.

Ибодатда саҳарда,

Дуога қўл очишган.

 

Дуолари мустажоб,

Бисёр экан айтгани.

Бой, бадавлат, беҳисоб –

Берибди баракани.

 

Бир кун уй соҳибига,

Сўзлаб қопти барака:

“Ижозат беринг менга,

Уйингиздан кетмакка.

 

Сизнинг хонадонингиз

Бекаму кўстдир, айтсам.

Агар рухсат берсангиз,

Бошқа уйларга ўтсам”.

 

Соҳиб дер: “Мен розиман,

Қолганлар нима деркин?

Қарши бўлишмасмикан,

Сўраб билайин секин”.

 

Ҳамма кечки овқатга

Жамулжам тўпландилар.

Уй соҳиби уларга

Бўлган гапни айтдилар.

 

Барчаси бўлиб рози,

Доно бир келин қолди.

Фикрин қилиб тарози,

Бир замон ўйга толди.

 

Сўнгра деди: “Розимиз,

Бошқа уйга ҳам ўтсин.

Лек аҳиллигимизни

Бизларга ташлаб кетсин”.

 

“Воҳ”, деди-ку барака,

Бу шартни эшитганда:

“Умрбод уйингиздан

Кетолмас эканман-да.

 

Ахир мен аҳилликсиз,

Қандай барака бўлдим?

Аҳил хонадонларга

Қут, неъмат бўлиб тўлгум”.

 

...Осмонимиз мусаффо,

Минг шукр, юртимиз тинч.

Яшаяпмиз хотиржам,

Нелигин билмай ўкинч.

 

Халқим аҳил ва иноқ,

Қувонч сиғмас юракка.

Тонгларимиз мусаффо,

Ватанимда барака.

 

Доим қилиб илтижо,

Ибодатда бўл, Ином.

Аллоҳга ҳамду сано,

Тинчликка шукр мудом.


Иномжон МИРКАРИМОВ