Мен ҳаётда кузатганларим, эшитганларим ҳақида доим мулоҳаза қиламан. Аллоҳга шукр, хонадонларимиз, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб боряпти. Тўй ва маъракаларимиз кўп. Турмушимиз бундан-да фаровонлашиб, меҳнат билан топган даромадларимиз хайрли ишларга сарфланишини сўраймиз.

Ҳаётда шодлик билан ғам ёнма-ён юради. Вақти-соати етиб инсон дунёга келгани каби, ўлим ҳам Аллоҳнинг иродаси. Яқин одамидан ажралиш – оила аъзолари учун жуда оғир мусибат. Бундай пайтда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамдардлик қилиш – муқаддас Ислом динимизнинг кўрсатмаларидан. Одамийлик тартиб-қоидалари ҳам шуни талаб қилади. Лекин бизнинг қишлоғимизда марҳумнинг жанозасидан кейин “етти”, “қирқ” деб, шунингдек, қирқ кун ўтгунича ҳар ҳафтада “ис” деб эл олдига қайта-қайта дастурхон ёзишлар ҳамон давом этяпти. Ўзи шундай ҳам оғир синовга учраган оила учун бундай ортиқча ҳаракату харажатлар ҳам моддий, ҳам маънавий томондан оғир.

Давраларда шу фикрларни ўртага ташласанг, “Ҳар ким ўзи топган даромадини ўзи истаганидек сарф қилади-да”, дейдиганлар ва уларни маъқуллайдиганлар дарров топилади. Юрт бойлиги, ободлиги, тинчлик-хотиржамлиги хонадонлардан бошланади. Исрофлар ва уларнинг оқибатидан келадиган қийинчиликлар, “Фалончидан ортда қолмайлик” деган уринишлардан бошланадиган келишмовчиликлар оила муҳити, фарзандлар тарбияси, хонадон аъзоларининг кайфиятию иш фаолиятига таъсир этмай қолмайди. Энг муҳими, исроф – Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилмаслик, қадрламаслик ифодаси. Икки дунёда ҳам бунинг ҳисоб-китоби, жавоби борлигини ўйласанг, қалбинг увишади.

Ражаб бобо ИБРОҲИМОВ