Aбдуллоҳ ибн Амр  ривоят қилади: Расулуллоҳ : “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда, албатта, мисвок қилишга буюрган бўлардим!” дедилар (Абу Нуайм). “Худди котиб қулоғига қалам қистирганидек, Набий  ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий).

Расулуллоҳдан  ўрнак олиб, саҳобалар ҳам мисвок тутишга катта эъти­бор беришган. Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Ойшадан : “Набий  уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб бердилар” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад). Бу ривоятдан мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз. Расулуллоҳ  оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилганлар. Аллома Муновий бунга қуйидагича далил келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса фақат пок оғиз билан айтилади”.

Зайд ибн Холид Жуҳаний  ривоят қилади: “Расулул­лоҳ  мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқ­масдилар” (Табароний). Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.

Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турилганида мисвок қилиш Расулуллоҳ  суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман, кундузги уйқудан кейин ҳам мисвок қилиш яхшидир.

Ойша  айтади: “У зотнинг таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, олдин ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд).

Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Чунки бу куни мўмин-мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидга тўпланишади.

Ибн Умар  ривоят қилади: “Расулуллоҳ  мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний).

Расулуллоҳ  эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу эса ўз ўрнида тишларни тоза тутиш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.

Одилхон ИСМОИЛОВ