Бу йил Рамазон ушбу сўзнинг луғавий маъносига муносиб келди (“рамазон” қуёшнинг куйдириши маъносини билдирувчи “рамаз” сўзидан олинган. Муфассир Маҳмуд Замахшарий ўша пайтларда рўза ойи ҳозиргига ўхшаб йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун шундай номланганини айтади). Вақтнинг одатдаги шитоби сусайгандек, соатлар тўхтаб қолаётгандек туюлади. Бу, айниқса, тушдан кейин яққол сезила бошлайди. Сувнинг жилдираши қулоққа киради, нигоҳлар беихтиёр ўша ёққа тикилади, нафс ширин энтикади...

Аммо руҳимиз хотиржам. Тилимиз, гарчи қуруқшаб, айланишга қийинчилик сезса-да, қалб тўридан келаётган шукроналарни изҳор қилишда малолланмайди.

Ажаб, кўпчилигимиз жисм роҳати тўйиб еб-ичишда деб ўйлаймиз ва шундай қилиш пайида бўламиз. Тўғри, нафсимиз ором олади, бироқ вужудимиздан оғирлик, кайфиятимиздан тундлик аримайди. Бугун эса оч, ташнамиз, шунга қарамай тетикмиз, руҳимиз кўтаринки. Бунинг сабаби нимада? Чунки сабримиз, иродамиз синалмоқда. Биз Парвардигоримизнинг буйруғига “Лаббай!” деб, рўза тутмоқдамиз. Ҳавонинг иссиқлиги, ишдаги оғирликларни баҳона қилиб, бу улуғ фарзни бажариш шарафидан, бандалик бахтидан, мукофоти мўл синовдан ўзимизни тортмадик. Иншааллоҳ, бу синовдан ўтамиз ва ваъда қилинган ажрга мушарраф бўламиз.

Рамазон, таъбир жоиз бўлса, раҳмат-мағфират ёмғирлари мавсуми. Қилмишлару гуноҳлар ғубори қоплаган қалбимизни ана шу ёмғирда тозалаб олиш фурсати. Ҳадисларда айтилганидек, бу имкониятдан фойдаланмай, бурни ерга ишқаланадиганлардан бўлиб қолмайлик. Рамазонни ғанимат билиб, яхши амалларда ғайрат қилсак, насиб этса, жаннатга Райён эшигидан биргаликда кирамиз.

Барчамизга ана шундай саодат насиб этсин!