Қадимда донишманддан бир одам: “Бошим етишмовчиликдан чиқмай қолди. Маслаҳат беринг, кимдан қарз олай? деб сўрабди. Шунда донишманд, “Ўзингдан қарз ол”, деб жавоб берибди. Ҳалиги одам ҳайрон бўлибди. “Ўзимдан қандай қилиб қарз оламан?” “Исрофга чек қўй, пулингни тежа, шунда аҳволинг ўнгланади.”

Оила кичик ватан. Бу ватаннинг раҳбари эрдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бош­лиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан баъзи ҳусусиятларда ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо,34).

Демак, оилани боқиш учун эр масъул. Эрнинг топиб келтирганини ўрнига ишлатиш аёлнинг бурчи. Эрлари уддабурон, аёллари тадбирли уйда барака бўлади. Халқда эр шоҳ бўлса, хотин вазир, деб бекорга айтилмаган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди, дея таъкидлаганлар (Имом Термизий). Мол-мулкни ҳисоб-китоб билан ишлатиш фойданинг ярми. Кўпинча оиладаги етишмовчиликнинг асосий сабабчиси ҳам исрофдир.

Баъзи оилалар йиллар давомида минг машаққат билан тўплаган маблағини ном чиқариш, обрў орттириш учун бир кунда сарфлаб юборади. Аслида бу пуллар оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилса яхши эмасми?

Дабдабали маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, исроф саналади. Унинг орқасида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) нафақа қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).

Халқимизда “Тежамасанг тоғ турмас”, деган мақол бор. Бизга берилган неъматлар қадрига етиб, шукрини қилсак, тежаб-тергаб ўрнига ишлатсак, Аллоҳ таоло уларини янада зиёда қилади.

Муҳаммад СИДДИҚ