Ислом дини ўз номи билан тинчлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик динидир. Адоват, ихтилоф ва тарафкашликнинг ҳар қандай кўриниши динимизга бегона.

Аллоҳ таоло бандаларини бирликка ва ҳамкорликка чақиради, ўрталарида низо чиқариб, фирқаларга бўлинишдан қайтаради:

«Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...» (Оли Имрон, 103).

Фирқаларга бўлиниб, ўзаро ихтилоф ва адоватлар чиқарадиган нобакорларга ўхшаб қолишдан Аллоҳ таоло бизларни қайтариб:

«Ҳужжатлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир», – дейди (Оли Имрон, 105).

Пайғамбаримиз ҳам биз умматларини иноқ бўлишга буюрганлар. Видолашув ҳажида қилган хутбаларида биз мусулмонларни бир-биримизга душман бўлишдан, қурол кўтаришдан қайтариб, дўсту биродар бўлиб яшашни васият қилганлар. Агар биз ўзимизни жаноб Пайғамбаримизнинг умматлари деб билсак, васиятларини бажаришимиз лозим. Шояд, шунда у зотнинг шафоатларидан насибадор бўлсак.

Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбларимизни бирлаштириб, Ўзининг тўғри йўлидан юришга муваффақ айласин. Адашган кишиларга тавфиқу ҳидоят насиб қилсин!