Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.

Чеҳраси очиқ, салга аччиғи чиқ­май­диган одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлишади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазаб­ланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.

Нерв толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калсий моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.

Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарлик­ларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.

Парда ЖЎРАЕВ,

кардиолог