Кўздан чунон сув тўкғил, имонинг баҳра олсун,

Саҳро юзи кўкармас ёмғир қуюлмағунча...

Киши бирор мусибат ёки аламдан йиғлаши ва бу билан анча тинчланиши илгаридан маълум. Тиббий изланишлар ҳам осон йиғлай оладиган кишилар соғломроқ ҳаёт кечиришларини кўрсатди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, йиғи қон айланиши ва нафас йўлларига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, кўзёши таркибида зарарли бактерия ва вирусларни ўлдирувчи фермент борлиги тиббиётда анча олдин аниқланган.

Америкалик доктор Уилям Фрай олиб борган тадқиқотда ҳаяжонланиш ёки асабийлашиш сабаб тўкилган кўзёшларнинг кимё­вий таркиби ҳар хил бўлиши исботланган. Ҳаяжонланиш натижасида тўкилган кўз ёшида протеин миқдори кўпроқдир. Бундан ташқари, доктор Фрай бу тур кўзёшлари руҳий зўриқиш сабабли юзага келган ва танага зарар берадиган кимёвий моддаларни бартараф этишини айтади.

Юрак хасталиклари, турли яралар, йўғон ичак яллиғланиши (қулунж), тери тошмалари ва кучли зўриқишга сабаб бўладиган бир қанча касалликларнинг манбаи "ичга ютилган" (бостирилган) кўзёшлар бўлиши мумкин. Зеро, йиғлаш кулиш сингари туйғуларни ташқарига чиқариш, демакдир.

Америкалик профессор Маргарит Крепо йиғлаш билан соғ­лиқ орасидаги алоқани аниқлаш учун учта гуруҳ иштирокида тад­қиқот олиб борди. Гуруҳларнинг биринчиси ички аъзолари яллиғланган, иккинчиси қулунжли (бу касаллик зўриқиш натижасида юзага келади) ва учинчиси соғ­лом кишилардан иборат эди. Ҳар бир гуруҳдан қандай ҳолатда йиғлашлари ва бу аснода нималарни ҳис этишлари сўралди. Маълум бўлдики, соғлом гуруҳдагилар тез-тез йиғлаб туришлари, яраси бор ва қулунжга чалинган беморларнинг эса, камдан-кам ҳолда йиғлашлари, агар ўзларини тута олишса, умуман кўзёш тўкмасликлари аниқланди.

Кўзимизни юмиб-очганимизда (бир кунда ўртача ўн уч минг марта), йиғлаганимизда сув, шиллиқ, ёғ, протеин, туз ва лилоцим деб номланган микроб ўлдирувчи фермент ажралиб чиқиб, мугуз пардаси, бурун ва ҳал­қумдаги шиллиқ пардани намлаб туради. Бу эса аъзоларни зарарли бактерия ҳамда вируслардан тозалайди.

Йиғи келганида тўхтатишга ҳаракат қилинса, энса, жағ ва кўкрак суяклари қисилади. Турган гап, ҳаво ичда тутиб турилади. Бунда йиғлагандаги каби бурун битади ва унда қон тўплана бошлайди. Кўзёшлари бурун канали орқали ичкарига оқиб, босим тушмагунича бурун битганича қолади. Бу ҳолатнинг уза­йиши буруннинг вирусларга қарши курашишига салбий таъсир қилади. Шу сабабли баъзи тадқиқотчилар, йиғламайдиган одамлар кўпроқ тумовга чалинишади, деган фикрни билдиришади.

Бирор нарсадан таъсирланиб йиғлаш одамни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган муҳим жиҳат. Бироқ ана шу оддий ва ҳаммага маълум деб билинган ҳолатнинг ҳали ҳам тўла очиб берилмаган бир қанча мавҳум нуқталари бор.

Чақалоқ туғилибоқ йиғлашни бошлайди. Аммо олти ҳафтагача гўдак кўзёшлари ҳиссий бўлмайди. Кўздан сув оқиши марказий нерв системаси (тизими) такомиллашгандагина ҳақиқий кўзёшга айланади.

Асосан, гўдак йиғиси "очиқдим", "тагимни алмаштир", "қўлингга ол" каби хабарни беради. Баъзан чақалоқ йиғиси унинг касаллигидан дарак бериши ҳам мумкин. Мазкур ҳолатнинг шартли белгиларни ўқиш учун эндиликда компутерлардан фойдаланилмоқда. Бу жиҳозларга касал ва соғлом чақалоқнинг йиғиси қайд этилади. Компутер янги қайд этилган йиғини олдинроқ ёзиб олинган касал чақалоқ йиғисига солиштиради, ўхшаш белги ва хусусиятларни аниқлаш орқали таҳлил қилади. Чақалоқлар йиғисидаги фарқ­лилик одамнинг қулоғи билан ажрата олинмаса ҳам, компутер буни ажратади ва боланинг касаллигига доир белгиларни аниқлаб беради.

Кўпчилик хурсандлигидан ҳам йиғлайди. Туйғулар туғёнида қолиб, йиғлагингиз келса-ю, кўзёш оқизиб йиғлашдан ўзи­нгизни тийсангиз, кўпгина касалликларни чақирган бўласиз. Шунинг учун баъзида севинч ёшларини тўкишдан асло тортинмаслик керак.

 

Нўъмон ОТАБОЕВ тайёрлади.