Кейинги вақтда ҳар хил сабаблар билан тери касалликларининг тури кўпайди.Улар орасида одамларда кўпроқ нохушлик туғдирадигани оқ доғлардир. Тиббиёт фанлари номзоди Мардон Маманов бу касалликнинг  келиб чиқиш сабаблари ва уни даволаш усуллари ҳақида гапириб берди.

Бу касаллик тиббиётда “витилиго” дейи­лади. У бугунги кунда нафақат тиббий, айни пайтда, ижтимоий муаммо ҳамдир. Бундай касаллар кўпинча ўзларини одамлардан ажратиб қўйишади ва қаттиқ тушкунликка тушишади. Руҳий изтироблар доғлар тузалишнинг кечикишига сабаб бўлади.

Сўровнома ўтказилганида йигирма тўққиз фоиз беморлар асаб тизимини жароҳатлари, йигирма уч фоизи шамоллашлар, тўққиз фоизи эса жигар (сариқ) касаллиги, бошқалари турли шикастланишлар сабаб бўлди, дейишган. Кўпчилик бу касаллик баҳорда (илик узилди даврида) бошланганини айтади. Илмий изланишлар витилиго асосан танада дармондорилар етишмаслиги боис келиб чиқишини кўрсатди. Мис, кумуш, рух, темир, аскорбин ва никотин кислотаси танамизга жуда муҳимдир. Улардан терига ранг берувчи меланин пигменти ҳосил бўлади. Танада улардан бирининг етишмаслиги тери рангининг ўзгаришига олиб келади. Танага турли йўллар билан кириб олган (лямбля, аскарида, острица, пакана гижжа) зараркунандалар микроэлементлар миқдори­ни камайтириб юборади.

Бу касаллик бошланишини одам кўпинча сезмайди, доғ пайдо бўлишидан олдин тери бироз қичишиши ва кепакланиши ҳам мумкин. Доғлар терининг турли жойларига тушади, бу жойларда терининг сезувчанлиги ўзгармайди. Даволаш учун касаллик сабаб­ларини аниқлаш, танага микроэлементлар киритиш, етарли миқдорда меланин пигменти ҳосил бўлишини таъминлаш керак. Даволаш узоқ давом этиши мумкин. Бемор тузалишида шифокорнинг ширин сўзи, меҳри жуда-жуда зарур.

Кўпчилик бу касаллик тўғрисида етарли тушунчаси бўлмагани боис, уни “юқумли”, “авлоддан-авлодга ўтади”, дейди. Витилиго юқумли эмас, инсон наслига ҳеч қандай салбий таъсири йўқ.

Саломатлигимизни доим назорат қилиб туришимиз керак. Ҳар йили бир марта тери касалликлари шифокори кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқдир.

“Беморни отангдек кутиб ол, фарзандингдек давола”, менинг ҳаётий шиорим. Ҳузурингга шифо излаб келган одамга отанг­га қилгандек муомала қилсанг, унга руҳий мадад берган бўласан. Ҳеч бир киши фарзанди дард чекишини истамайди. Касални ўз болангдек виждонан даволасанг, муолажанг эм бўлади.