Чилонжийда, шу номли доривор дарахтнинг меваси бўлиб, Хитой ва Ўрта Осиёда ўсади. Меваси ёнғоқ катталигида, ноксимон, олхўрисимон шаклларга эга. Қизил пўстли, қуруқ, хамирсимон этли, мазаси ширин. Таркибида қандлар, оқсиллар, С ва Р дармондорилари, минерал тузлар ва бошқа бирикмалар мавжуд. Чилонжийда С дармондорига сероблиги жиҳатидан лимондан 15 баравар устун туради.

Халқ табобатида чилонжийдадан тайёрланган чой қон босими касалигини даволашда қўлланилган. Ибн Синонинг ёзишича, "...Яхшиси энг йирик, чиройли ва ранги қизилидир. У иссиқ ва ўткир, қонга фойда қилади. Бу унинг қонни тозалашидан бўлса керак... Кўкрак ва ўпкага, буйрак, қовуқ оғриғига фойдаси бор".

ХVIII асрда яшаган табиб Сай­йид Муҳаммад Ҳасрат чилон­жий­да­га атаб махсус шеър ёзган, унда айтилишича: у ўпка, нафас йўллари, қовуқ учун фойдали бўлиб, қонни суюлтиради ва кўпайиб ғалаён қилса, ўрнига туширади. Бу неъмат  жигар ва буйрак оғриғини ҳам босади.

Чилонжийдали чой дамлаш тартиби қуйидагича: аввал мева совуқ сувда чайилади. Кейин ярим литрли чойнакка 10–12 дона ташлаб, кичкина қошиқда олий нав кўк чой қўшиб, шарақлаб турган қайноқ сув қуйилади, чойнак сочиққа ўралиб, 10–12 соат тиндирилади. Сўнгра докадан ўтказилиб, бир стакандан кунига уч маҳал бир ой давомида ичилади. Дамланган мевалари ҳам  3–4 донадан истеъмол қилинади.

 

Нодира ОХУНЖОНОВА