Хафақон, яъни, гипертония юнонча “hyper” – ортиқча, “tonos”– таранглик, босим деган маъноларни англатиб, артeриал қон босимининг ошиши билан кечадиган касалликдир. Бу хасталик ҳозирги кунда дунё аҳолиси орасида ўн саккиз ёшдан катталарда ҳар тўрт кишидан бирида учрайди. Маълумотларга кўра, ўттиз ёшгача бўлган одамлар орасида ўн фоиз, қирқ ёшдан ошганларда йигирма фоиз, эллик ёшдагилар орасида ўттиз беш фоиз, олтмиш ёшлиларда қирқ тўрт фоиз, саксон ёшдагилар орасида олтмиш фоиз, етмиш саксон ёшдан ошганлар орасида гипертония саксон фоизни ташкил қилмоқда. Кўп беморларда қон босими кўтарилиши белгиларсиз кечади, баъзилар қон босими юқорилигини узоқ йиллар давомида билмаслиги мумкин.

Тана аъзоларимиз ишини асаб тизимининг маркази бўлмиш бош мия бошқаради. Мисол учун, юрак бир кеча-кундузда юз минг марта қисқариб, тўққиз минг литр қонни ўзидан ўтказиб, танага ҳайдайди. Ҳар қандай ташқи таъсир миядан сўнг, энг олдин, юракка таъсир кўрсатади. Киши ташқи муҳит, турмуш икир-чикирларига таъсирчан бўлгани сари тананинг касалликка қаршилик кучи камая боради. Асабийлашганда, ҳис-ҳаяжонга берилганда юрак уриши тезлашади, зўриқади. Мазкур ҳолатлар қон босимининг кўтарилишига сабаб бўлади. Бир оздан сўнг яна асл ҳолига қайтади, бу меъёр ҳисобланади. Лекин баъзиларда қон босими аслига қайтмайди, узоқ вақт давомида меъёрдан юқори бўлади, бу хафақон касаллигидан далолат беради.

Касаллик белгилари бош оғришида, айниқса, энса қисмда қўзғалувчанлик, тез жаҳл чиқиши, уйқунинг бузилиши ва иш қобилиятининг пасайишида намоён бўлади. Баъзан бурундан қон кетиши ҳам мумкин. Ўрта ва оғир даражадаги артериал гипертонияда беморлар юрак соҳасидаги оғриқ, юракнинг тез уриб кетиши, юрак ритмининг бузилиши, бош айланиши, эслаб қолиш ва кўриш қобилиятининг пасайишидан шикоят қиладилар. Агар орада бир ҳафта ўтказиб, уч марта ўлчанганда қон босими ҳар гал 140/90 дан баланд бўлса, гипертония ҳақида фикр юритиш мумкин. Бу касаллик асоратлари билан хавфли ҳисобланади. Касаллик асоратларига миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши (инсулт), буйрак етишмовчилиги, қон томир деворининг қатламсимон кенгайиб ёрилиши, кўз тўр пардаси шикастланиши, юракнинг бузилиши, сурункали юрак етишмовчилиги киради. Ортиқча вазнни, йўқотиш, истеъмол қилинаётган ош тузи кунлик миқдорини камайтириш керак. Буғда пиширилган карам дўлма, сабзи, лавлаги, йирик тортилган ундан ёпилган нон, сузма, творог, пишлоқ, тухум, нўхат, ловия, картошка, қовоқ, қуритилган меваларни ейиш тавсия этилади. Кекса ва юрак фаолияти бузилган кишиларнинг ўсимлик мойлари, масалан, кунгабоқар, маккажўхори ва пахта ёғи истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ.

 

Интернет манбалари асосида Сайдулло ИСМОИЛОВ тайёрлади.