Олимларнинг таъкидлашича, тоза ичимлик суви узоқ умр гаровидир. Одам бир кунда ўз оғирлигининг 1/20 қисмича, масалан, 80 кило вазнга эга инсон кунига 4 литр суюқлик ичиши лозим. Иссиқ кунларда бу талаб янада ортиши тайин. Унутманг, сув шунчаки чанқоқни босиш воситаси эмас, балки дармон бўлувчи ичимликдир. Шу сабабли ичимлик сувига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Ёз палласида салқин ичимликларнинг бозори чаққон бўлади. Уларни харид қилишда эътибор қаратиш лозим бўлган бир неча жиҳатлар бор.

* Қадоқланган сув харид қилаётганда, унинг таркибига эътибор қилинг. Таркибида кальций, магний, хлорид, сульфат ва бикарбонат каби фойдали микроэлементлари мавжуд бўлган ичимлик сувини танланг. Сульфат моддаси овқат ҳазмини яхшилайди, марказий асаб тизимини тинчлантиради.

* Рангли, газланган ичимликларни асло танламанг. Уларнинг барча тури саломатлик учун зарарли. Чунки бўёқ ва консервантлар иммунитетга салбий таъсир кўрсатади, ичак микрофлорасини бузади. Бу ўзгаришлар эса онкологик хасталиклар ва юрак-қонтомир фаолиятининг издан чиқишига олиб келади. Моддалар алмашинуви бузилади ва жигар фаолиятига қаттиқ зарар етади. Шунингдек, олимлар газланган сувларда лейкоз, лимфома каби касалликларни келтириб чиқарадиган заҳарли бензол борлигини аниқлашган.

Шифокорларнинг айтишича, газланган ичимликлардаги бензол миқдори одамнинг заҳарланишига етарли бўлмаса-да, унинг асоратлари сақланиб қолади. Сурункали бензол истеъмоли эса саратон, жигар ва буйрак хасталикларига олиб келиши, қон ҳосил бўлиш жараёнини издан чиқариши мумкин. Салқин ичимликлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилаётган таъм берувчи сикломат моддаси эса жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади ва иштаҳани очиб, тез-тез чанқатади.

* Газланган салқин ичимликларни ёш болаларга умуман бериб бўлмайди. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ичимликлар ёш тананинг суяк тўқималарининг мўртлашишига олиб келади, ошқозон-ичак, овқат ҳазм қилиш ва асаб тизимига ҳам зарар етказади.

* Юртимизда маъданларга бой ерости сув манбалари кўп. Кейинги йилларда бундай шифобахш сувларни қадоқлаб аҳолига етказиш изчил ривожланмоқда. Ўнлаб масканлардан олинаётган шифобахш сувларни дўконлардан харид қилиш мумкин. Улар ҳам инсоннинг саломатлигини тиклайди, ҳам чанқоқни қондиради.

* Шу билан бир қаторда, ўз соғлигига эътиборли инсон саломатликка фойдали бўлган компотларни истеъмол қилиши лозим. Турли хил ҳўл ва қуритилган мевалардан тайёрланган ичимликлар танамизнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини таъминлайди. Жумладан, қуритилган ўрик қайнатмаси юрак-қон томир фаолиятини яхшилаб, қувват беради.

* Ёз кунларида чанқоқни босиш учун айрон ичган маъқул. Чунки инсон кучли ҳарорат туфайли кўп терлаганда танасидаги керакли туз ва минералларни ҳам йўқотади. Мутахасисларнинг фикрича, айрон таркибидаги минерал ва тузлар бу фойдали заҳирани қайта тиклайди.

 

Интернет маълумотлари асосида Ҳусан Мамасаидов тайёрлади