Сабзавот шарбатини ҳар куни истеъмол қилиш кўздаги майда қон томирларини яхшилаб, кўзни нурлантиради.

Танага қувват бағишлайди. Сабзавотлар таркибида клетчатка, минерал, антиоксидантлар ва касалликларнинг олдини олувчи дармондорилар мавжуд. Ҳар куни овқатлар билан бирга сабзавотлардан тайёрланган шарбат ёки барра кўкатлардан тановул қилиш жуда фойдали. Соғлом турмуш тарзи тўғри овқатланишдан бошланади. Лавлаги, помидор шарбати, хурмо, сут маҳсулотлари, қизил сабзи, сельдер ва петрушка тананинг А ва Д дармондорисига бўлган эҳтиёжини қондиради. Ялпиз шарбати ҳам жуда фойдали. Сариёғ, тухум сариғи ва балиқ маҳсулотлари Д дармондорисига бой.

Бу дармондорилар асаб тизимини мустаҳкамлаб, мияда қон айланишини яхшилайди. Лавлагига турли хил кўкатлардан қўшиб тайёрланган салатга таъбга кўра ёнғоқ солиш мумкин. Табиий ўсимликлардан тайёрланган фиточой ҳам кўриш қобилиятини яхшилайди ва асаб тизимини мўътадиллаштириб, кўздаги чарчоқни олади. Ялпиз, тирноқгул ва шивитдан дамламалар тайёрлаб, кўзга муолажа қилиш ҳам кони фойдадир.

Кўздаги чарчоқни олишга махсус машқлар ҳам ёрдам беради. Қон таркибида дармондорилар етарли бўлмаслигидан ҳам кўз касалликлари келиб чиқади. Ялпиздан тайёрланган дамламадан илиқ компресс қилинса, кўздаги чарчоқни олади.

А дармондориси кўриш қобилиятини меъёрда ушлаб туради, агар у етарли бўлмаса, танада салбий ўзгаришлар, кўз касалликлари юзага келади. Сабзи, помидор, картошка, писта, петрушка, сабзавот барглари, шунингдек, денгиз маҳсулотлари ушбу дармондорига бой. Ўрик, олма сиркаси ва асал кўзларга нур бағишловчи калийга бой.

Қуёш нури ҳам қон айланишини яхшилаб, кўз нури умрини узайтиради, терига тетиклик бағишлайди. Бироқ меъёридан кўп вақт қуёш тиғида юриш кўзларнинг зўриқишига олиб келади.

Табобатда ялпиз, наъматак, сабзи, зайтун мойи, пиёз, каби бир қатор ўсимликлар ва асалдан кўз учун фойдали дорилар тайёрланади. Чунки уларнинг таркибида ҳаётий зарур дармондорилар кўп.

 

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади.