Исириқ таркибидаги ўткир таъсирли моддалар кўзга кўринмас микробларга қирон келтиришини тиббиёт исботлаган. Ундан олинадиган дорилар, илдизидан тайёрланган дамлама тутқаноқ, энцефалит, бош миянинг яллиғланиши асорати – қалтирашни даволашда ҳамда ухлатувчи дори сифатида қўлланади.

Исириқнинг барча қисмлари ва уруғи алколоидларга бой. Уруғида кўп миқдорда мой бўлади. Жувоз ва бошқа усуллар билан ёғи олинади. Исириқ ёғи миядаги тўсиқларни очиш, пайларни мустаҳкамлаш хусусиятига эга.

Абу Али ибн Сино исириқни қуймич асаблари шамоллашида, тизза ва суяклар қақшаб оғришида оғриқ қолдирувчи дори сифатида ишлатган. Бунинг учун оғриган ерга исириқнинг ер устки қисмини эзиб боғлашни тавсия этган. Исириқдан кучли пешоб ҳайдовчи сифатида ҳам фойдаланилган.

Халқ табобатида исириқнинг устки қисмидан тайёрланган дамлама бод, безгак, тутқаноқ, уйқусизлик, шамоллаш ва бошқа касалликларни даволашда ишлатилади. Бундан ташқари, қўтир, қичима ва бошқа тери касалликларига ҳам даво бўлади.

Дамламани тайёрлаш усули: 250 гр. сувга майдаланган исириқдан бир чой қошиқ солиб, паст оловда 5 дақиқа қайнатилади. Сочиққа ўраб, икки соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузиб, 3-4 маҳал кунига овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади.

 

Фойдали маслаҳатлар

Бир боғ исириқ бир челак сувда қайнатилиб, докада сузиб олингач, ваннага қуйилади. Устига иссиқ сув солиб, совигунча ваннада ётилса, бош оғриғига шифо бўлади.

Бир сиқим исириқ 400 мл сувда паст оловда 5 дақиқа қайнатилади ва шу қайнатмага 10 кун давомида пахта ёки матони шимдириб, оғриган жойга суртиб турилса, тизза ва суякларнинг қаттиқ ва қақшаб оғришига даво бўлади.

Исириқни туйиб, хонанинг бурчаклари ва полига сепиб қўйилса, ҳар хил ҳашаротлар йўламайди.

 

Эслатма

 Исириқдан фойдаланишда шифокор тавсиясига амал қилиш лозим. Иссиқ мижозли кишиларга исириқ истеъмол килиш зарарли, бошда оғриқ қўзғайди ва юракни беҳузур қилади.