Замбуруғли ачитқилар, нордон сирка бактериялари ҳамда сутли таёқчалар каби фойдали микроорганизмларга бой бўлган қатиқ барчага бирдек ёқимли. Унинг таркибида оқсил, минерал туз ва витаминлар мавжуд. Қатиқ осон ҳазм бўлиб, қонга тез сўрилади. Ёш болаларда кўп учрайдиган ич кетиши ва дисбактериозни даволашда ҳам ундан фойдаланиш мумкин.

Олимлар узоқ изланишлардан кейин инсон танаси қаришининг сабабларидан бирини аниқлашди: танамиз ҳамиша токсинларга қарши курашади ва шу жараёнда ингичка ичакда микроблар кўпаяди. Қатиқ эса сутли нордон замбуруғ, лактобацил ва бифидобактериялар ёрдамида ушбу заҳарли микробларни меъёрга келтириб туради.

Антибиотик билан даволангандан кейин қатиқ ичилса, ичакнинг микрофлораси яхшиланади. Шу билан бирга, у иммун тизимини мустаҳкамлайди, руҳий зўриқиш ҳамда уйқусизликнинг олдини олишда асосий восита ҳисобланади. Ичаклардаги ортиқча хилтларни ювиб туширади. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида муздек қатиқ ичиш танага роҳат бағишлайди. У чанқоқни босади, иштаҳа очади, асабни тинчлантиради. Таркибидаги фосфор чарчоқларни ёзади, мушакларга қувват бағишлайди.

Янги ивиган қатиқни ичиш кони фойда. Чунки бир кун ўтса ҳам, унинг таркиби ўзгаради. Ёғлилик даражаси қанча юқори бўлса, соғлик учун шунча фойдали. Уйқуга ётишдан олдин бир пиёла қатиқ ёки сут ичган одам тинч ухлайди. Доимий равишда қатиқ ичиб юриш саратон касаллагининг олдини олар экан.

Болаларда учрайдиган айрим юқумли касалликларнинг олдини олиш учун, шунингдек, рахит, камқонликни даволашда, аллергик касалликларда, шамоллаганда ва иштаҳа йўқолганида қатиқ ичиш лозим. Таркибидаги калций ва Д витамини муҳим дармондоридир.

Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг тишлари мустаҳкам, суяклари бақувват бўлиши учун сут маҳсулотларини ҳар кунги овқатланиш таркибига киритиш лозим. Шунингдек, шифокорлар ҳомиладор аёлларга ҳар куни қатиқ ичишни тавсия қилишади. Чунки унинг таркибида она организми учун зарур бўлган 12 хил дармондори бор, улардан А, Д дармондориси она ва бола саломатлиги учун ниҳоятда зарур.

Қадимда табиблар ошқозон-ичак, жигар, буйрак ва бошқа хасталикларга доимий парҳез сифатида қатиқ зардобини тавсия қилишган. Жиғилдон қайнашининг олдини олишда ҳам зардоб фойдалидир. Зардобдан тайёрланган қуртава қон босимини пасайтиради, иштаҳани очади, сафрони ҳайдайди, чанқоқни қондиради, тумов, йўтални даволайди.

Аммо, унутманг, жигари касалланган, оғир турдаги ошқозон хасталиги бўлган ва овқатдан заҳарланган беморлар сут-қатиқ маҳсулотларини фақат шифокор рухсати билан ичиши лозим.

 

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади.