Қовун таркибида инсон организми учун зарур бўлган органик моддалар, минерал тузлар, витаминлар бор. Шу сабабли даволаш воситаси сифатида ҳам қадимдан қўлланилган.

Искандар Зулқарнайн замонасидаги тиббий асарда (Искари Аъзам) турли хил хасталикларни, жумладан, бронхит, сил, мигренни даволаш, нафас йўлларини тозалаш учун қовундан тайёрланадиган бир қанча дори-дармонлар айтиб ўтилган.Бод касаллигини даволаш учун қайнатилган қовун ширасини суркаш, заҳм касаллигида қовун жавҳарини истеъмол қилиш тавсия этилади. Уруғидан тайёрланган малҳам шишни бартараф этиб, йирингни тортиб олади.

 Қовун, хусусан, унинг уруғи ва эти қон томирларни кенгайтиради, терини тозалайди. Қовун уруғи офтоб уришидан сақлайди, сепкил ва бош қазғоғини йўқотади. Пишгани, ҳатто сапча қовун ҳам бавл ҳайдаш хусусиятига эга. Буйракдаги тошларни йўқотади.

Халқ табобатида эса дармони қуриган, камқонликка чалинган кишиларларга қовун ейиш буюрилади. Гепатит ва қабзиятдан азият чекадиганларга ҳам у фойдали.

Юзга сепкил, доғ тушганида, ҳуснбузар тошганида кечаси ётиш олдидан юзга эти қалин қилиб қолдирилган қовун пўчоғи боғлаб қўйилади. Уруғларини янчиб сувга яхши аралаштириб, сепкил ва ҳусн­бузарларни кетказиш учун ишлатилади. Худди шундай аралашмани буйрак-тош касаллигини даволашда овқатдан олдин ярим стакандан 2–3 маҳал ичилади.

Қовун уруғининг сути, чала етилган қовун шираси гижжа ҳайдайдиган жуда яхши воситадир. Қовун таркибидаги клетчатка (ҳужайра) ичакдаги фойдали мик­рофлоранинг тикланишига, организмдан холестеринни чиқаришга ёрдам беради, овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Қовунда фолий кислотаси бўлиб, у хотирани мустаҳкамлайди. Қовун табиий дармондорилар ва глюкозанинг ҳақиқий чашмаси. Бу моддалар жигар, буйрак, юрак, ошқозон, ўпка ва бошқа аъзолар ишини ривожлантиради, одамни тетиклаштиради.

Аллергик диабет касаллигида қовун истеъмол қилиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кимёвий ўғитлар (селит­ра, фосфор, калий) ёрдамида етилган тарвуз, қовунни еган соғлом одамларда ҳам кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, қоринда кучли оғриқ туриши кузатилади. Бундай қовун, тарвуздан ёш болалар, буйрак хасталиги (нефрит, нефроз, пиелонефрит) бор беморлар аҳволи тез ёмонлашиб, оғир оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Тарвуз, қовунни асал, товуқ гўшти ёки сув билан тановул қилиш мумкин эмас. Чунки бу ичбуруғ, оғир ичкетар, қорин оғриғи, ич дам бўлиши каби хасталикларга мубтало қилади. Оч қоринга, шунингдек, овқатдан кейин дарҳол тарвуз, қовун истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Овқатланишлар оралиғида истеъмол қилиш фойдалидир.

Қовун қандли диабет хасталигига чалинган, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак яраси, ичбуруғ, аллергия хасталиги бор беморларга ҳам тавсия этилмайди. Заифлашган аёл ҳомиладорлигининг биринчи ярмида, шунингдек, эмизикли аёллар қовун истеъмол қилиши зарарли. Қовун у иссиқ мижозли кишиларнинг бошини оғритиши мумкин.

 

Наргиза Угламова