2011 йили Британия физиотерапия Ассоциацияси олимлари инсон танаси компутер ва мобил ускуналарга жуда яқин туриб ишлашга мослашмаганини эълон қилдилар ва бу замонавий техник воситалар сабабли келиб чиқадиган дардларни касб касалликлари қаторига киритиш таклифи билан чиқдилар.

Келинг, шу мавзуда кенгроқ фикр юритайлик. Елка ва унинг атрофи симиллаб оғриши, бош оғриғи, тез таъсирланиш, уйқусизлик – булар компутердан фаол фойдаланувчиларнинг аксариятида учрайдиган салбий ҳолатлар. Мутахассисларнинг айтишича, бошни монитор томонга эгиб узоқ ўтириш натижасида елкадаги умуртқа поғоналари бир-бирига жуда яқинлашиб, қон томирлари ва нерв толалари сиқилади. Оқибатда қон айланиш тартиби бузилади ва асаб тизими зўриқади.

Рақамларга эътибор беринг: одамнинг боши ўртача тўрт ярим килограмм оғирликда бўлади. Бу – елка учун меъёрдаги юк. Бош 3 см олдинга эгилганда, бу юкнинг оғирлик таъсири икки баробаргача кўпаяр экан.

Елка қисмидаги оғриқлари доимийга айланган кишилар ортопед шифокорга учрашиб даволаниши керак. Аммо мутахассисларнинг қуйидаги оддий маслаҳатларини бажаришга одатланганлар соғликларини сақлаб қолишлари мумкин.

Компутер олдида ўтириб ишлаганда, ҳар соатда 5–10 дақиқа танаффус қилиб, нигоҳингизни экрандан узинг, кифтингизни тўғриланг. Елкаларингизни кўтариб, уларни иложи борича орқага ташлаб, кейин ўз ҳолига қўйинг. Бу машқни бир неча бор такрорланг.

Қаламни тишлаб туриб, ҳавода 1 дан 10 гача бўлган рақамларни ёзиб чиқинг.

Табобатда “смартфон бармоғи” деб аталган касаллик жуда кичкина клавиатурада доимий SMS–хабар юборувчиларда учрайди. Шифокорлар бармоқнинг бу касаллигини даволаш жуда қийин эканини айтишмоқда. Шунинг учун ҳам овоз воситасида хабар юборишга одатланган фойдали.

Кўзнинг зўриқиб қичишиши, қизариши, қуруқлашиши, чарчоқ, шамоллаши каби муаммолар ҳам компутерда мунтазам ишлайдиганларнинг кўпчилигига маълум. “Қуруқ кўз” касаллигидан хабар берувчи бу белгилар дастлаб кишига ноқулайлик, безовталик туғдиради, вақтида даволанмаса, кўз мушакларининг толиқиши ва кўриш ўткирлигининг пасайишига олиб келади.

Кўзнинг ҳар дақиқада 20-25 марта юмиб очилиши меъёрий ҳолат бўлиб, шунинг ҳисобига кўз намланиб туради. Компутер экранига қаттиқ тикилиб ўтирганда эса кўз одатдагидан 12 мартагача кам юмиб очилади. Шунингдек, кондиционер ва иситиш тизимлари ўрнатилган хоналардаги қуруқ ҳаво ҳам кўзга салбий таъсир қилади.

Кўз шифокорлари ҳар куни қуйидаги машқларни бир неча бор такрорлашни буюрадилар. Деразадан ташқарида узоқда жойлашган бирор нарсага тикилиб қаранг, кейин нигоҳингизни оҳисталик билан ёнингиздаги буюмга (компутерга эмас) олиб келинг. Бу машқни 3–4 марта такрорланг.

Ҳар 20 дақиқада 20 сония кўзингизни 20 марта юмиб очинг.

Кафтларингиз қизигунча бир-бирига ишқаланг. Тирсагингизни столга қўйиб, устма– уст қўйилган кафтлар билан кўзингизни қаттиқ босмай ёпинг.

Дорихоналарда сотиладиган, кўз ёши ўрнини босадиган томчилардан кунига 5–6 марта кўзга томизиш мумкин, лекин бу борада, албатта, шифокор маслаҳатига риоя қилиш керак.