Кондиционердан фойдаланганда соғлиққа зарар етадими? Бу масалада турли фикрлар, баҳсларга гувоҳмиз. Мутахассислар замонавий кондиционерлар саломатлик учун хавфсизлигини айтадилар. Лекин ундан тўғри фойдаланилмаса, ҳақиқатан ҳам соғликка салбий таъсир қилади.

Ишлаб турган кондиционердан чиқаётган совуқ ҳаво оқими олдида ўтирган одам шамоллаши табиий. Худди шунингдек, елвизакдан ҳам шамоллаш мумкин-ку! Агар кондиционер учун тўғри жой танлаб ўрнатилса ва ундан чиқаётган ҳарорат даражаси меъёрида бўлса, ҳеч ким касалланмайди. Ёзнинг иссиқ кунларида кўча билан уй ичидаги ҳароратнинг фарқи 4–5 даражадан ошмаслиги керак.

Оддий маиший кондиционерни вақти-вақти билан, айниқса, қиш мавсумида узоқ ишлатилмай ётганидан кейин тозалаш керак. Унда тўпланган чанглар тозалагич (филтр)ларга ўтириб қолади ва шу ҳолда ишлатиладиган бўлса, хонага тоза ҳаво эмас, чангларни тўзитади.

Унинг яқинида ўтирган одамнинг томоғи қуруқшайди, кўзи ёшланиши, оғзида темир таъмини туйиши мумкин. Гап шундаки, кондиционер фақат чанг йиғиб қолмай, унинг ичидаги нам ҳаво ҳар хил касалликлар келтириб чиқарадиган бактериялар кўпайиши учун жуда қулай шароитдир. Унда хавфли бактериялар, вируслар, чанг “кана”лари ва аллергенлар “яшайди”.

Оғир пневмания касалига сабаб бўладиган “легионелла” микроби ҳам турли совутиш воситаларини “яхши кўради”.

Аллергия, нафас сиқиш касали борлар чангли ҳаводан нафас олса, аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкин.

Маиший кондиционер зарарсиз ишлаши учун унинг тозалигини ҳар уч ҳафтада чангютгич ёрдамида тозалаш ёки сувда ювиб туриш керак.

Ўзида тозалагичи бўлган замонавий кондиционерларда чанг йиғилмайди, соғликка зиёни йўқ.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.