“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилинг! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) беринг* ва исроф қилман! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.

(Анъом, 141)

 

Узум шарбати

Узумда калий, калций, магний, марганец, кобалт, С, Р, РР, В1, В6, В12 дармондорилари, фолий кислотаси, каротин моддалари бор. Узум углеводларга, (18–20%), органик (олма, салицил, лимон, каҳрабо в.б.) кислоталарига бой.

Узум – фаол пешоб ҳайдовчи, ични юмшатувчи ва балғам кўчирувчи восита; буйрак, ўпка, жигар касалликларида, подагра ва қон босимида фойдали, ундан танани умумий мустаҳкамловчи восита сифатида ҳам фойдаланишади.

Узумнинг қатор навлари микробларга қарши курашиш хусусиятига ҳам эга.

Узум шарбати тана қувватини оширади ва тетиклаштиради.

Уни асаб тизими толиққанида (астения) ва қувват пасайганида ҳам истеъмол қилиш яхши натижа беради. Глюкозага бой. Пешоб ҳайдаш ва терлатиш хусусиятига эга. Қонда холестеринни камайтиради.

Узум шарбатини овқатланишдан бир соат олдин кунига уч маҳал ичиш зарур.

Бошлашда шарбатни ярим пиёладан ва босқич охирида, 1–1,5 ойдан сўнг бирваракайига 2 пиёлагача ичиш тавсия этилади.

Ич кетишига мойиллик, қандли диабет, ҳаддан ташқари тўлалик, ошқозон яраси, сурункали ўпка шамоллаши касалликларида узум шарбатини кўп миқдорда ичиш мумкин эмас.

 

Анор шарбати

Анор шарбати овқат ҳазмига кўмак берувчидир. У биоген меъёрловчи сифатида ошқозон ости бези касалликларини даволашда ёрдам беради. Камқонликда ва қонни тозалаш зарурати туғилганида фойда беради. Ярим-бир пиёладан, уч маҳал овқатланишдан 30-40 дақиқа олдин ичилади. Шунга муносиб парҳез сақлаш лозим. Бир босқич муолажа икки-тўрт ой давом этади, сўнгра бир ой танаффус қилинади. Сўнг яна такрорланади, лекин шуни ёддан чиқармаслик лозим, у қамаштириш хусусиятига эга. Айрим ҳолларда қабзиятга олиб келиши мумкин.

Анор шарбати, шунингдек, ошқозон-ичак фаолияти бузилишида, юқумли касалликлардан ва жарроҳлик амалиётидан сўнг қувват берувчи восита сифатида истеъмол қилинади.

 

Жалолиддин НУРИДДИНОВ тайёрлади.