Кўпчилик олмада темир моддаси ва С витамини кўп, уни ошқозонида яраси бор кишилар ейиши мумкин эмас, деб ўйлайди. Аниқланишича, олмада темир моддаси жуда кам. Аскорбин кислотаси ҳам кўп эмас. С витамини эса олмага қараганда апелсинда ўн баробар кўп.

Олма ошқозон ярасини даволашда жуда фойдали. Айниқса, юрак хасталиги, гипертония, қони қуюқлашганда аспирин қабул қиладиган беморлар ҳазм қилиш аъзоларида яра пайдо бўлишининг олдини олади. Италиялик олимларнинг таъкидлашича, олма аспириннинг ош­қозон шиллиқ қаватига салбий таъсирини йўқотади. Бунинг учун аспириндан кейин олма еб юбориш керак. Бўғимлари оғрийдиган беморлар ҳам кўп олма истеъмол қилиши тавсия этилади.

Олма таркибидаги нитратлар сўлак безларида азот оксиди ҳосил қилади. Бу эса ошқозонни нафақат яра пайдо бўлиши, саратон касаллигидан ҳам асрайди. Шу билан бирга, олмада катехинлар ва хлороген кислоталар борлиги аниқланган. Улар нитратларнинг ёмон асоратларига барҳам беради. Шунга кўра, мунтазам олма еган одам хасталикдан ўзини асрайди.

Олма ошқозон-ичак тизими учун ниҳоятда фойдали. Унинг таркибидаги моддалар йўғон ичак ва жигарда саратон ҳужайраларининг кўпайишига тўсқинлик қилади. Тиббий текширувда олма бўтқаси бошқа меваларникидан анча кучли эканлиги маълум бўлди.

Олимлар олма пўстидан бўтқа тайёрлашди. Аниқланишича, бу бўтқа саратонга қарши энг яхши самара берар экан. Сабаби, унда антиоксидантлар жуда кўп. Кучли антиоксидант ҳисобланадиган флавоноидлар олма пўстида мевасига қараганда 2-3, фенол кислоталар эса 2-6 баробар кўп экан. Демак, олманинг пўстини арчмасдан истеъмол қилиш фойдали.

Инглиз олимлари ҳар доим олма еб юрган кишида бронхиал астма касаллигига чалинишнинг олди олинишини таъкидлашмокда.

Олманинг ўпка ва нафас олиш тизими касалликларига жуда фойдалилигини нидерландиялик олимлар 13 минг кишини кўрикдан ўтказиш орқали аниқлашди. Уларнинг фикрича, олма ва нок нафас олиш тизимига энг яхши таъсир кўрсатади.

Мутахассислар таъкидлашича, олма юрак ва қон-томир тизими хасталикларида фойдали. Шунингдек, инфаркт, инсулт, атеросклероз касалликларининг олдини олиш хусусиятига эга.

 

Тоҳир ИБРОҲИМОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор