Эчки сути мизожда энг мўъ­тадил ҳисобланади. Ибн Сино таърифлашича, эчки сути ични суради, томоқдаги, қовуқдаги яраларни даволайди, йўтал, қон туфлаш, бош оғриғи, меъда хасталикларида фойда қилади. У қуруқ мизождан бўладиган хафақон, васваса ҳамда эсда сақлаёлмаслик касалига ҳам яхши даводир. У билан оғизни чай­қаш ва ғарғара қилишнинг томоқ оғриққа, тилча, бодомсимон безлар шишларига, силга ва ниҳоят даражада озиб кетишга фойдаси катта.

Олимлар таъкидлашича, эчки сути кимёвий таркибига кўра кўпроқ она сутига яқин туради. Витамину минерал моддаларга бой. Таркибида, айниқса, ёғ ва оқсиллар мўл бўлиб, уларни организм тез ва осон қабул қилади. Ёғ доначалари сигир сутиникидан икки баробар кичик, оқсиллари эса нозик бўлади. Шу боис эчки сутини гўдакларга ҳам берса бўлаверади. Рахит, жигар, ўпка сили, аллергия касалликларини даволашда эчки сутининг ўрни катта. У ишқорли бўлганидан ошқозони ошиқча кислота ажратадиган одамларга яхши даводир. Экзема, қичима, астма билан оғриган кишиларга ҳам эчки сути ичиш тавсия қилинади. Бўғинлар оғриғини қолдиришда, ўт халтадаги тошни туширишда ҳам қўлланилади.

Маслаҳатлар

1. Эчки сутини фақат пишириб ичиш тавсия этилади.

2. Эчки сутидан хуштаъм қатиқ, сузма, қурут тайёрлаш мумкин.

3. 110-220 гр. эчки сути 1,75-3,5 гр. бодом елими ёки ювилган исириқ уруғи билан қўшиб ичилса, қон қусиш, йўтал ва силга, шунингдек, ички аъзолардан қон кетишига даво бўлади.

4. Эчки сутига зарпечак аралаштириб ичилса, ичкетарнинг асорати барҳам топиб, ични боғлайди.

5. Райҳон уруғини туйиб, эчки сутида пишириб боғланса, шишлар, чипқон ва тошмаларни пиширади ва ёриб, малҳам бўлади.

6. Эчки сути сузмасининг зардоби ичилса, сафроли ичкетар, савдоли иллатлар ва сариқ касаллигининг олдини олади.

7. Эчки сути иссиқ ичилса, ични юмшатади, пешоб ҳайдайди, ичаклардаги дардларни бартараф қилади.

8. Совуқ ва ҳўл мизожли одамларга эчки сутининг зарари бор, ҳиқичоқ ва кекириш пайдо қилади.

9. Эчки сути шакар билан ичилса, юз рангини чиройли қилади.

 

Сафар МУҲАММАД