Ёш ўтгани сари суяклар мўртлашиб, бўй чўкиши, остеопороз ривожланишини биламиз. Аммо болаларда суяклар синувчанлиги табиий ҳол эмас.

Суяк қаттиқ жисм бўлса-да, ҳар сонияда тинимсиз янгиланиб турувчи тўқималардан иборат. Ўртача 35 ёшгача бўлган одамларда суяк энг оғир массага эга бўлса, 45 ёшдан бу кўрсаткич камайиб боради. Демак, шу вақтдан остеопороз бошланиши мумкин. Суякда модда алмашинуви етарли бўлмагач, у мўртлашиб оғирлигини йўқотаверади. Лекин дард узоқ вақт бел, елка, оёқ оғриғи каби бошқа шикоятлар ниқоби остида беркинади.

Остеохондроз ташхиси қўйилган беморни невропатолог мануалтерапия ёрдамида даволайди. Афсуски, бу муолажалар суяк ҳолатини салбий томонга ўзгартиради. Шунинг учун дарднинг келиб чиқиш сабабларини билиб, унинг олдини олишга ҳаракат қилиш керак.

Олимлар остеопороз болаликдан ривожланиб келишини таъкидлашмоқда. Чунки айнан шу даврда тана ўзига керакли суяк тизимини шакллантиради. Тананинг 14 ёшгача керакли миқдорда кальцийга тўйинмаслиги касалликка йўл очади. Афсуски, сўнгги йилларда остеопорозга чалинаётган болалар сони ортмоқда.

Аввало эмизикли аёл нотўғри овқатланиши гўдак ёшига тўлмасданоқ унинг организмини кальций танқислигига дучор этади. Онанинг тиши тушиши ҳам кальций танқислигидан далолатдир. Фақат уч ёшдан кейингина кальций миқдори фарзанднинг овқатланиши, кун тартиби, жисмоний фаоллиги билан боғлиқ бўлиб қолади. Маълум вақтгача организм танқисликка мослашади, лекин минерал моддалар захираси бепоён эмас. Бўй ўсмаслиги, тана вазнининг камлиги организмда кальций миқдори етмаётганининг оқибатидир. Гормонал бузилиш ёки сурункали хасталикларда кальций сўрилмаслиги ҳам мумкин.

Болалар организми, айниқса, кальций моддасига тўйиниши керак. Шифокорлар бекорга остеопорозни “XXI асрнинг яширин эпидемияси” деб аташмайди. Фарзандингиз тишидан шикоят қилса, арзимаган жароҳатдан суяк синса, камқонлик, томирлар кучсизлиги (баданнинг кўкариши), ич қотиши, аллергия, тиш қонаши, кўп чарчаш, букчайиш, кечаси тизза бўғимлари оғриши кальций етишмовчилиги белгиларидир. Муддатидан илгари, кам вазн билан туғилган чақалоқлар, эгизаклар, рахитга чалинганлар, узоқ муддат шамоллаган болалар ҳам кальций моддасига танқислик сезади. Сут ва сут маҳсулотлари, тухум, суякли гўштлар, узоқ қайнатиб пиширилган овқатлар кальцийга бўлган эҳтиёжни таъминлаб туради. Ошқозон кислоталилиги, ичак микрофлораси бузилиши, камҳаракатлилик, стресс эса кальцийнинг ичаклар орқали сўрилишига ғов бўлади. Бу хасталикларни ўз вақтида шифокорга кўрсатиб, даволатиш керак. Унутмангки, ҳаёт учун зарурий барча моддалар фақат жисмоний эмас, балки ақлий салоҳиятни ҳам белгилайди.

Интернет материаллари асосида Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.