Жаҳон дори ишлаб чиқариш саноатида ялпиз тинчлантирувчи хусусияти билан машҳур. Бир қатор харидоргир дорилар таркибида ушбу ўсимлик мавжуд. Ялпиз барглари солинган чой нафақат асабга даво, йўтал, юрак қисишини даволашда, нафас йўлларини очишда ҳам ёрдам беради. Айниқса, кўклам келгач, ялпизли пишириқлар истеъмол қилиш жуда фойдали.

Диёримизда ялпизнинг қора ялпиз, Осиё ялпизи, қалампир ялпиз, сув ялпизи каби кўпгина турлари учрайди. Ялпиз табиий ҳолда сернам жойларда, ариқ, чашма, жилға, зовур ёқаларида ўсади.

Халқ табобатида ялпиз пояси, баргидан тайёрланган қайнатмадан тиш оғриғи, оғиз, милк яллиғланишини даволашда фойдаланилган. Ялпиз қайнатмасига қанд қўшиб тайёрланган қиём тутқаноқда, шираси эса шақиқа (мигрен) ва сариқ касаллигида фойдали.

Абу Али Ибн Сино ялпиз билан ичак оғриқларини даволаган, ҳазмни яхшиловчи сифатида тавсия этган. Ялпиз кўкракни юмшатиб, балғам кўчиради, нафас йўллари касалликларини бартараф этади. Қалампир ялпизнинг асаб, ошқозон-ичак йўли фаолиятини яхшиловчи, ҳолсизланиш ва бод касаллигида танани мустаҳкамловчи таъсири бор. Сафро ҳайдаш хусусиятига ҳам эга. Халқ табобатида меъда-ичак йўли тиришувида (спазма), бемаврид ич кетишида, қабзиятда, меъда нордонлиги ошганида, сариқ касаллигида, ўт пуфагида тош бўлганида, бавосилда, ўпкадан қон кетишида, аёлларда ҳайз маромининг бузилишида ялпизли дамламалар тавсия этилади. Дамламаси билан оғиз бўшлиғи, милклар яллиғланганида ғарғара қилинади, тери қичиганида ювилади.

Замонавий дори саноатида ялпизли дори-дармонлар салмоқли улушга эга. Чунончи, ялпиздан олинадиган эфир мойлари саноат миқёсида валидол, карвалол, олеметин, энатин, анестезол, борментол, пектуссин каби дорилар таркибига киритилган. Ялпиз мойи юқори даражали антибактериал таъсири (микробларга қирон келтириши) билан ажралиб туради.

Айни баҳор палласида ялпиз бошқа баҳорий шифобахш гиёҳлар – жағ-жағ, семизўт, исмалоқ, отқулоқ, беда, барра пиёз кабилар билан турфа кўринишдаги лаззатли таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиниши саломатликни сақлашда салмоқли ўрин тутади. Улар нафақат хушхўр, балки тана аъзоларига қувват бағишлайди, касалликдан янги тузалган кишиларга дармонбахш таъсир кўрсатади, ортиқча хилтлардан тозалайди, ичак йўлининг равон бўлишини таъминлайди. Шунингдек, юқумли хасталикларга қарши иммун тизими мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади.