Инсон танасидаги барча аъзолар мукаммал яратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири учун алоҳида вазифалар белгилаб қўйилган. Кўз кўриш, қулоқ эшитиш, оёқлар юриш, қўллар нарсаларни ушлаш, тери эса ҳис қилиш қобилиятига эга. Аслида ана шу берилган қобилиятлар, аъзоларнинг бир меъёрда ишлаб туриши ҳам жаноби Ҳақнинг бир инояти, бандаларга берилган неъмат саналади. 
Кўзнинг яратилиши ва унинг вазифаси борасида Қуръони каримда бундай баён қилинади: «Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!» (Балад, 8-9). Бошқа бир ояти каримада эса шундай таъкидланади: “Агар Биз хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлга шошардилар-у, (лекин) қаёқдан (йўлни) кўра олсинлар?!” (Ясин, 66).
Ташқи оламни кўриш учун берилган бу аъзо – кўз соққаси, мускуллар, юмшоқ пардалар, қовоқлар ва кип­риклардан иборат бўлиб, уларнинг барчаси ўз вазифасини узлуксиз бажариб тургандагина биз кўриш қобилиятига эга бўламиз. Жумладан, киприклар орасидаги безлар қовоқ қирраларини мойлаб, чанглардан, заррачалардан кўзимизни асраб туради. Қовоқнинг ичини эса юпқа шиллиқ парда – коньюктива беркитиб туради. Кўз ёши безлари уларни ҳўллаб, қуриб қолишидан сақлайди. Олти ҳаракатчан мускуллар эса кўз соққасини тўрт томонга ҳаракатлантириб туради. Кўз яралишидаги бу мукаммаллик Аллоҳнинг қудратига яққол далилдир. 
Кўзнинг ана шу қисмлари ўзаро мутаносибликда ишласа, биз атроф-жавонибни бенуқсон кўра оламиз. Унинг бузилиши эса кўриш қобилиятининг пасайиши ёки бутунлай йўқолишига олиб келади. Бунга турли сабабларни кўрсатиш мумкин. Жумладан, агар эр-хотиндан бирортаси бруцеллёз, заҳм ёки токсоплазмоз каби касалликларга чалинса, уларнинг фарзандлари туғма кўз нуқсони билан дунёга келади. Ёшларда кўзнинг яллиғланиши, қон қуйилиш ёки куйиш каби ҳолатларда кўриш қобилиятига зарар етиши мумкин. Кишининг ёши улғайганда содир бўладиган ўзгаришлар кўз гавҳарининг хиралашуви – катарактага олиб келади. Кўз ичи суюқлигининг оқиб чиқиш йўли тўсилиб қолса, кўзнинг ички босими кўтарилади. Бу медицинада глаукома деб аталади.
Марказий нерв системаси, юрак қон-томир системаси касалликлари, заҳарланиш, моддалар алмашинувининг бузилиши, ички секреция безларининг зарарланиши, шунинг­дек, тери, юз, бош, буруннинг ёндош бўшлиқлари касалликлари ҳам кўзга салбий таъсир қилиши мумкин. Айниқса, кўзни ҳар хил шикастланишлардан – аланга, буғ, иссиқ ёғ тегиши, қайноқ сув сачраб кетиши кабилардан асраш лозим. 
Ҳозирда бу ноёб аъзони даволаш йўли билан кўзнинг кўриш қобилиятини тиклаш мумкин. Аллоҳ таоло бизга ато этган неъматлар – танамизнинг аъзоларини, шу жумладан, кўзни ҳам асраб-авайлаш, бирор муаммо туғилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш энг тўғри йўлдир. 
 
Амиржон ТОШПЎЛАТОВ, 
Республика кўз касалликлари клиникаси шифокори