Халқ табобатида лимон жуда қадр­ланади. Чунки меъда, жигар, ўт йўллари, буйрак, бўғин ҳамда юқумли касалликларни даволашда яхши наф беради. Шунингдек, қон тўхтатувчи омил сифатида ҳам қўл­ланилади. Шамоллаганда, дармонсизликда истеъмол қилинса, дармон-малҳам бўлади. Бу ажойиб неъматнинг қон босимини пасайтириш хусусияти кучли, қанд хасталигида ҳам дори сифатида ишлатилади. Унинг таркибида лимон кислотаси, қанд моддаси, шунингдек, А, Б, С, Д дармондорилари, эфир мойлари, пектин моддалари, натрий, калий, кальций, фосфор, темир, магний каби унсурлар бор.

Кўпчилик олимларнинг фикрича, лимоннинг ватани жануби-шарқий Осиё бўлиб, унинг шифобахшлик хусусияти хитойликларга 4000 йил аввал ҳам маълум бўлган. Қадимги хитой қўлёзмаларида “лимунг” деб аталиб, бу сўз “оналар учун фойдали” деган маънони билдирган. 
Абу Райҳон Беруний лимон юракка қувват бахш этишини ёзади.
Замонавий тиббиётда дармондори сифатида, паришонхотирликнинг олдини олиш ва даволашда, ички касалликларда, қон томирлари – капиллярларининг турғунлигини оширишда лимон асқотади. Доришуносликда дориларнинг мазаси ва ҳидини ёқимли қилишда ҳам қўлланилади.
Лимон ошқозон кислотаси юқори бўлган, меъда ва ўн икки бармоқли ичак хасталигига чалинган беморларга зарарли таъсир этиши мумкин.
Гриппнинг олдини олиш учун овқат­ларга лимон ёки унинг шарбатини қўшиб истеъмол қилиш фойдали.  Лимон иситмани туширувчи ва енгил пешоб ҳайдовчи восита ҳисобланади. Бунинг учун 600 мл қайнатилган, лекин қайноқ бўлмаган сувга битта лимон шарбати аралаштирилади. Бундай ичимлик томирларни тозалаш ва қон босимини тушириш учун ҳам тавсия этилади.
Лимонни харид қилишда уни қанча муддат сақлашингизни ҳисобга олиб танланг. Агар у 1–2 кун ичида ишлатиладиган бўлса, етилган мевасидан сотиб олган маъқул. Лимон ўта юмшоқ бўлмаслиги керак, чунки пишиб ўтиб кетган лимоннинг ичи чириб кетмаган бўлса ҳам, таъми бузилган ва шифобахш хусусиятини йўқотган бўлади. Яхшиси, пишай деб қолган мевасидан харид қилган маъқул; қоронғи, салқин жойга, масалан, совутгичнинг пастки қисмига қўйиб, анча муддат ишлатиш мумкин.
 
Интернет материали асосида 
Гулгун УСМОНОВА
тайёрлади.