Ҳозирги кунга келиб инсон танасидаги барча аъзолар, жумладан, меъда ҳам чуқур ўрганилган. Меъда танадаги ковак (бўшлиқ) аъзо бўлиб, ҳажми ўрта ҳисобда 1,5 литрни ташкил қилади. Меъданинг кардиал (кириш) ва туб (юқори) қис­мида ярим литргача ҳаво, пилорик ва антрал (пастки 1/3 қисми) қисмларида ярим литргача меъда шираси йиғилса, тана қисми ярим литр сиғимида бўш ҳолатда туради.
Меъда шираси таркибига шиллиқ суюқлик, хлорид кислота ва ферментлар киради. Шиллиқ суюқлик ишқорий муҳитга эга бўлиб, меъда деворини хлорид кислота таъсиридан асрайди. Хлорид кислота эса меъдага тушган овқатни парчалаб, оқсил, углевод, ёғ ва витаминларни синтез қилиш учун ферментлар таъсирига мо­йил қилиб беради. Ҳаво қисми овқатнинг тўлиқ парчаланиши ва ҳазм қилинишида муҳим ўрин тутади.
Ейилган овқат ўртача 1–1,5 соат мобайнида меъда ва ўн икки бармоқ ичакда туриб қолади. Бу вақт ичида меъда суюқлиги, сафро ва меъда ости бези шираси таъсирида парчаланади, ҳазм қилиниши учун ингичка ичакка оз-оздан ўтказиб турилади.
Овқат тушиб бориши жараёнида, ошқозон тўлгани ҳақидаги хабар (импульс) меъда деворидан бош мияга юборилади. Бош миядан қайтган ахборот эса тўйиш ҳиссини уйғотиши натижасида одам ейишдан тўхтайди. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бу хабар меъда тўлгач, бош мияга 20 дақиқа кечикиб борар экан. Табиийки, бу пайтда инсонда очлик ҳисси сўнмаган бўлиб, овқатланишда давом этади. Тўйганлигини билса ҳам, баъзан нафси ғолиб келиб, баъзан атрофдагилар қистови ёки бошқа сабаб билан кўп овқат истеъмол қилиши мумкин. Натижада меъда фаолияти бузилади. Ортиқча овқат ундаги ҳавони сиқиб чиқаради. Меъда ҳужайраларидан ажратилган шира миқдори эса кўп овқатни парчалашга етмай қолади. Оқибатда таом ҳазм бўлиб, фойда бериш ўрнига зарарли моддаларга айланади; танада турли касалликлар пайдо бўлишига имкон туғилади. Шу сабабли динимизда қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан ҳисобланади. Бундан ўн беш аср илгари, инсоният одамнинг ички аъзолари ҳақида мутлақо тушунчага эга бўлмаган даврда қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида огоҳ­лантирганлар. “Одам боласи тўлдирадиган идиш­лар­нинг энг ёмони қориндир. Одам боласи қаддини тутиб турадиган даражада овқатланиши кифоя: ошқозонининг учдан бирини овқат учун, учдан бирини сув учун, учдан бирини ҳаво учун (ажратиб қўйсин)”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўта даражада кам овқатланиш ёки сурункали очлик ҳам саломатлик учун хатарли. Чунки бунда вужуд етарли миқдорда озуқа моддаларини ололмайди, натижада, турли касалликлар ривожланади.
Муҳаммад Ҳузарий “Нурул яқин” китобида бундай ёзади: «Инсон ҳаётига зарур ҳисобланган айрим нарсаларнинг оз бўлиши фазилатдир. Масалан, овқат билан уйқу шу жумлага киради. Одамлар азалдан меъёрида овқатланиш билан кам ухлашни мақтаб, кўп ейиш билан кўп ухлашни айблашган. Кўп ейиш ва кўп ухлаш бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам зарар, кони зиён, турли касалликларни келтириб чиқаради, ақлни заифлаштириб, хомуш қилиб қўяди; оз ейиш эса қаноатнинг, нафсни жиловлай билишнинг, шаҳватни ўлдиришнинг нишонасидир, баданни соғломлаштириб, зеҳнни ўткирлаштиради. Кўп ухлаш кишини ланж, заиф, хомуш, ялқов қилиб қўяди, инсон умрини зое кеткизади, дийдасини қотиради, ғафлатда қолдириб, дилини ўлдиради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) оз еб, кам ухлаганлар. Бошқа­ларни ҳам шунга тарғиб этганлар.
У зот (алайҳиссалом) айтадилар: “Мен суяниб ўтириб овқат емайман”. Табиийки, киши чордона қуриб, бемалол суяниб ўтирса, кўпроқ овқат егиси келиши турган гап. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бир тиззаларини қучоқлаб ўтирганларича овқатланганлар».
Шунинг учун уламолар Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кўрсатмалари асосида қорин ёмонлигидан ҳимояланишда мўътадилликка тарғиб қилишади. Овқат­ланиш­даги мўътадил­ликни сақлашнинг энг мақ­бул йўли, бир оз иштаҳа қолганда (ҳали тўймай туриб) ейишдан тўхташдир.


Абдувоҳид МИРЖАЛИЛОВ,
Зангиота туманидаги “Андалус”
жоме масжиди имом-хатиби
Жамшид НОРЧАЕВ,
Тошкент Тиббиёт академияси доценти