Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида касал бўламиз. Билсак, касаллик ҳам гуноҳ­ларимизга каффорат, ҳам синовдир. Бемор дори-дармонларни истеъмол қилиш билан бирга Қуръони карим ва ҳадисларда ворид бўлган дуоларни ҳам ўқиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бемор инсон саломатлигини асраши учун қилган баъзи тавсияларини келтириб ўтамиз.
Аввало, инсон саломатлиги учун меъёрида овқатланиши лозим. Чунки ортиқча овқатланиш инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан заифлашувига сабаб бўлади. Тўғри овқатланиш инсон саломатлигининг асосий омилларидандир. Шу сабабли, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларига овқатланиш одобини ўргатиб, бундай деганлар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутишга етарли емак кифоя. Агар жуда лозим бўлса, қориннинг таом учун учдан бири, ичимлиги учун учдан бири ва нафаси учун учдан бири” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).  
Иккинчидан, асал ва қора седана истеъмол қилишга одатланиш керак. Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Седана ўлимдан бошқа барча хасталикларга шифодир”.
Бир қатор мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, қора седана инсон қувватини оширишда, кўплаб касалликларга қарши курашда самарали ҳисобланади.
Шунингдек, асал ҳам инсон танасига қувват бағишловчи, иштаҳани очувчи, асаб тизимини ҳамда юрак-қон томирларини яхшиловчи хусусиятга эга. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Асал истеъмол қилинглар, у кўп касалликларга шифодир», деганлар.
Учинчидан, Яратгандан сиҳат-саломат­лик сўраб дуо қилинг. Барча дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Аллоҳ истеъмол қиладиган дори-дармонимизни сабаб қилиб, Ўзи шифо беради.Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мусулмон бўлганидан бери бир жойи оғриётганидан шикоят қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Қўлингни оғриётган жойингга қўйиб, уч марта “Бисмиллаҳ”, дегин, етти марта “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Аллоҳдан ва қудратидан чекаётган оғриғим ва қўрққан нарсамнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман), дегин”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим).
Алоҳида таъкидлаш лозимки, касал бўладими ё соғми, инсон ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиши лозим. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир, неъматларини беминнат берувчи ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.