Жийданинг ер юзида қирқдан ортиқ тури бор. Табиий шароитда жийда илдиз бачкиси ё данагидан кўпаяди. Жийданинг маданий навларини юртимизда "нон жийда", "қандак жийда", ёввойи турларини "каптар жийда", "қуш жийда" "ялоқ жийда" ва "қарға жийда" деб аталади.

Меваси таркибида 40-65 фоиз қанд, 11,0 фоиз оқсил, шунингдек, маълум миқдорда ёғ, ошловчи моддалар, органик кислоталар бор. Бундан ташқари, жийда мевасининг этида калий ва фосфор тузлари ҳамда В1,  В2, РР, ва Е витаминлар борлиги аниқланган.

Табобатда меваси ёки дамламасидан нафас йўллари шамоллаганида, ошқозон-ичак касалликларини даволашда қўлланилади. Абу Али ибн Сино қонни тозалашда, ич кетишда, иштаҳа очишда жийдани тавсия қилган. Камқонлик, тери қазғоқланиши, бўй ўсмаслиги ҳолатларида фойдаси тегади. Шунингдек, танада туз-сув мутаносиблигини сақлаш ва фикрлаш қобилиятини оширишда ҳам ёрдам беради.

Барглари С витаминига жуда бой. Баҳор ва ёз ойларида 150-200 мг, куз ойларида 251-330 мг.гача С витамин тўпланади. Барглари терида тузалмайдиган яраларни, бодни даволашда қўлланилади. Барги ва гулларидан тайёрланган дамлама қанд касалига қарши ишлатилади.

Жийда гуллаганида эфир мойларини ишлаб чиқаради. Бу мойларнинг биологик хусусияти, биринчидан, ҳашаротларни жалб этиб, гулларининг чангланишини тезлаштирса, иккинчидан, гуллаш пайтида бирорта ҳам чорва ҳайвонлари унинг барги ёки гулини емайди. Чунки эфир мойлари нафақат ҳайвонлар, балки инсон танасига, хусусан, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.

Жийдаларда эфир мойи бўлгани учун жийдазорларда асалари боқилади. Гулидан олинган асал жуда сифатли ва хушбўй бўлади. Яна гулидан эфир мойлари олинади. Булар тиббиётда, қандолатчиликда ва атторликда ишлатилади.

Мевасидан озиқ-овқат саноа­тида тотимли шарбатлар тайёрланади. Ёғочи мустаҳкам, қаттиқ бўлганидан ўймакор нарсалар ва мусиқа асбоблари ясалади. Танаси сувга чидамли бўлгани учун ёғочидан кўприклар ҳам қурилади.

Дарахтининг елими ноёб араб елими ўрнини боса олади. Ундан лак, сифатли елим, бўёқлар олишда фойдаланилади.

Ўзбек олимлари жийда дарахти пўстлоғида ва баргида элеагнин-алкалоид моддаси борлигини аниқлашган. Мева таркибида 0,57–1,08 фоиз танин моддаси бор. Барг ва дарахт пўстлоғидан жигарранг ва қора рангли бўёқлар олинади, улар тўқимачиликда ишлатилади.

 

Хислат ҲАЙДАРОВ,

Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети доценти