Дард ўз номи билан дард, оғирми-енгилми, барибир зарар беради. Масалан, бавосил касаллигини олайлик. У оддий ҳайдовчи, юк ташувчига, ҳатто ақлий меҳнат билан шуғулланувчи зиёли инсонларга ҳам таниш. Оғир меҳнат, жисмоний зўриқиш, йиллар давомида бир жойда узоқ ўтириш каби омиллар бу касалликка сабаб бўлади.

Бавосил (геморрой) нинг илк босқичида йўғон ичакда қичиш, ўтирганида оғриқ аломатлари сезилади. Кейинчалик ҳожат пайтида қон келиши, тугунлар ҳосил бўлиши кузатилади. Бу ҳолат тез-тез ич қотиши оқибатида юзага келади. Ўзингизда мазкур белгиларни сездингизми, пайсалга солмай, албатта, шифокорга учранг. Чунки бавосил белгилари йўғон ичакдаги нохуш ўзгаришлардан ҳам хабар бериши мумкин.

Бу касаллик йиллар давомида секин ривожланади. Оддийгина қабзият туфайли ҳам бу дардга йўлиқиш мумкин. Ҳар куни тонгда ҳожат чиқариш бу касалликка йулиқмасликнинг бир чораси.

Бу касаллик ҳомиладор ва кўп фарзандли аёлларда ҳам кузатилади. Шундай экан, бу даврда тез-тез аёллар шифокорига учраб туриш, кўпроқ дам олиш лозим. Туғруқ жараёнида доянинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш керак. Акс ҳолда, зўриқиб бавосилни орттириб олиш мумкин. 

Касал кунига саккиз пиёлагача оддий минерал (газсиз) ёки қайнатилган сув ичиши муҳим. Қора ун нони, мева-сабзавотларни хомлигича пўсти билан истеъмол қилиш ични юрғизади. Спорт билан шуғулланиш ҳам бу касалликка йўлиқмаслик чораларидан.

Агар бу касалликка чалинган бўлсангиз, оғриққа чидолмай шифокорга борасиз. У ҳафсала билан дори-дармонлар ёзиб беради. Гап орасида фойдали, энг муҳими, оддий бир маслаҳатни қистириб ўтади: “Касалликдан қутулишни истасангиз, ҳожатдан кейин илиқ сувда мустаҳаб қилинг...”. “Бор-йўғи шуми?” дейсиз ажабланиб.

Бавосил тугунлари илиқ сув таъсирида ёзилади, сизни қийнаётган оғриқ ҳам тўхтайди. Умуман, бавосилни даволашда тозаликка риоя қилиш жуда муҳимдир. Бу йўл дунё олимларининг тиббий қўлланмаларида кўп бор таъкидланган.

Ажабо, бу усулни ҳозир етакчи тиб олимлари илгари суришяпти. Ҳолбуки, Ислом динимизда бу усул “истибро” де­йилиб, мустаҳаб, яъни савобли амал ҳисобланади.

 

Шифокор-уролог Улуғбек ЭРГАШЕВдан Барно Акромова ёзиб олди.